Европа Иттифоқи Қрим татарлари Мажлисининг тақиқлаб қўйилганини қрим татарлари ҳуқуқларига жиддий ҳужум ва Россия аннексия қилган Қримда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг янада ёмонлашуви сифатида баҳолади.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи ташқи алоқалар хизмати баёнотида айтилди.
“Зудлик билан инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларга риоя қилиниши ҳамда халқаро ҳуқуқ доирасидаги, хусусан қрим татарлари жамоасига нисбатан мажбуриятлар бажарилиши таъминланиши лозим”, дейилган баёнотда.
Қрим Олий суди 26 апрель куни қуйи инстанция судларининг Қрим татар миллий Мажлисини "экстремистик ташкилот деб топиш ва фаолиятини тўхтатиш" тўғрисидаги қарорларини тасдиқлади.
Россия Адлия вазирлиги ўтган ҳафтада Қрим татар халқи миллий Мажлисини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган эди.
Қрим татар лидерларидан бири Рефат Чубаров Мажлис Киевга кўчирилиши ва ўз фаолиятини Украина пойтахтидан туриб тўлақонли давом эттиришини маълум қилди.
Қримнинг 2,5 миллионлик аҳолисининг 12 фоизини ташкил қилувчи қрим татарлар мухториятнинг Россия томонидан аннекция қилинишига норозилик билдириб келмоқда. Қрим татар халқи лидерлари, жумладан, Мустафо Жамилевга ярим оролга кириш тақиқлаб қўйилган. Минглаб қрим татарлари Қрим Россияга аннексия қилинганидан сўнг уйларини тарк этган.