Ўзбекистондаги Россия элчихонаси "Георгий лентаси" тарқата бошлади

Ўзбекистондаги Россия элчихонаси Тошкент шаҳрида "Георгий лентаси"ни тарқатиш акциясини бошлади.

Россия элчихонаси матбуот хизматининг хабар беришича, "истаган одам элчихона дарвозаси ўнгида "Георгий лентаси"ни олиши мумкин".

Россия дипломатик ваколатхонасининг таъкидлашича, "акциянинг асосий мақсади янги авлоднинг 20-асрдаги энг даҳшатли урушда ким ва қандай йўқотишлар эвазига ғалаба қилганини... унутишига йўл қўймасликдир".

Илк "Георгий лентаси" акцияси 2005 йилда ўтказилган эди.

Ўшандан буён уни ўтказиш анъанага айланди.

Ғалаба рамзи-ми ёки империализм тимсоли?

Ўзбекистонда “Георгий лентаси” акциясияга муносабат турличадир.

Ўтган йил facebook ижтимоий тармоғида “Биз Ўзбекистонда Георгий лентасига қаршимиз” номли янги гуруҳ ташкил этилган эди.

Ушбу гуруҳга аъзо бўлганлар "Георгий лентаси"нинг Ўзбекистонда тарқатилиши ва тақилишига қарши чиқдилар.

Ўзбекистонда лентанинг тарқатилишига қарши чиққанлар унинг “Россия империализми тимсоли” эканини айтишади.

"Георгий лентаси"ни тақиқлаш чақириқлари Ўзбекистонга қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кузатилган.

Улар ҳам Қрим ва Украина шарқидаги воқеалардан сўнг "Георгий лентаси" Россия империализми тимсолига айланди, деган фикрдалар.

Собиқ Совет республикаларида "Ғалаба куни" сифатида байрам қилинадиган 9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан буён "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади.