Президент Ислом Каримовнинг Москвага қилган расмий сафари ортидан Ўзбекистонда биринчи марта “Барҳаёт полк” тадбири ўтказилишига рухсат берилди. Россияда Улуғ Ватан уруши иштирокчиларини хотирлаш маросими сифатида талқин қилинадиган тадбир Москва ташаббуси билан 2012 йилдан бери бир қатор давлатларда уюштирилиб келинаётган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тошкентдаги тадбирни Россиядаги бош штаб мувофиқлаштирмоқда
Тошкентда 9 май куни биринчи марта “Барҳаёт полк” тадбири ўтказилади. Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишларича,1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши йилларида ҳалок бўлганлар хотирланадиган мазкур маросимни ўтказиш учун Тошкент ҳокимияти рухсат берган.
Айтиш жоизки, Россия ва бир қатор постсовет давлатларида 2012 йилдан бери 9 май куни уюштирилиб келинаётган “Барҳаёт полк” тадбирини Тошкентда ўтказилишига президент Ислом Каримовнинг Москва сафаридан сўнг рухсат берилди.
25-26 апрель кунлари Москвада Владимир Путин билан учрашганидан сўнг Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов матбуот бирифингида Россия президентини алқаган эди:
-Мен Россияга ишонаман ва Сизга ишонаман. Шу билан ҳамма гап айтиб бўлинди, -деган эди Каримов Путин ҳақида гапирар экан.
Тадбир ташкилотчиларидан бири бўлган Амир Мўллоҳ Озодликка телефон орқали берган суҳбатида Тошкент ҳокимиятининг тадбирни ўтказишга рухсат беришига президент Каримовнинг Москвага қилган сафари омил яратганини яширмади.
- Аввалги йилда ҳам биз мана шундай тадбир ўтказишга ҳаракат қилган эдик. Бироқ бу тадбирни ўтказишни Тошкент ҳокимияти тақиқлаб қўйган эди. Бу йил эса бизга рухсат беришди. Биринчи тадбирга камида икки-уч юзга яқин одамни йиғамиз, деган умиддамиз, - деди Амир Мўллоҳ.
Тадбирни ўтказишда уюштирувчиларга Ўзбекистон ҳарбий фахрийлар ва ногиронларнинг VETERAN уюшмаси кўмак кўрсатмоқда. Айни пайтда 1941-1945 йиллардаги урушда иштирок этган фахрийларнинг фотосуратларини, улар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ишлари олиб борилаяпти. Бу маълумотлар тадбирдан сўнг Ўзбекистон тарих музейларига тортиқ қилинади.
Озодлик билан суҳбатлашган тадбир уюштирувчиларидан бири ўз номини айтмаслик ва овозини ёзмаслик шарти билан, Тошкентда ўтадиган“Барҳаёт полк” тадбирини Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Россотрудничество агентлиги молиялаштираётганини, мувофиқлаштириш ишларини эса Россиядаги "Барҳаёт полк" тадбири асосчилари томонидан тузилган бош штаб назорат қилаётганини айтди.
“Улар бизга ҳар куни телефон қилиб, инструкциялар бериб бораяпти. Батафсил маълумотларни телефон орқали айтиб бера олмайман. Ўзингиз тушунасиз, бу телефон орқали айтиладиган гап эмас”, деди тадбирнинг ўз номини айтмаслигимиз ва овозини ёзмаслигимизни илтимос қилган мувофиқлаштирувчиларидан бири.
“Барҳаёт полк” тадбири Россия ташаббуси билан бир қатор давлатларда 2012 йилдан бери ўтказиб келинади. Тадбир иштирокчилари 9 май куни қўлларига Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган қариндошларининг суратларини кўтариб, намойишдан ўтадилар.
Тошкентда эса тадбир 9 май куни “Биродарлик қабристони” мемориал комплексида куннинг биринчи ярмида ўтказилади.
Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушига оид ёдгорликлар олиб ташланган
“Нуроний” жамғармасининг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этганлардан 3 минг нафари яшамоқда.
Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида 1 миллион 400 минг ўзбекистонлик жанг қилган эди. Улардан 400 мингдан кўпроғи ҳалок бўлган, 130 мингги бедарак йўқолган.
Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистонда тарихнинг бу саҳифасига оид ёдгорликларни олиб ташлаш ёки уруш қаҳрамонларининг номлари берилган объектларни қайта номлаш анъанага айлангани кузатилади.
Масалан, 2010 йил ноябрида Тошкентда Собир Раҳимов номли метро станцияси номи Олмазорга ўзгартирилган. 2011 йили эса Ўзбекистон пойтахтидаги туманлардан биридан ҳам генерал Раҳимов номи олиб ташланган. Ҳозир бу туман “Олмазор” деб аталади.
Кейинроқ Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳридаги Собир Раҳимов кўчаларининг ҳам номи алмаштирилди.
Ўтган йили Ангрен шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага бағишланган ёдгорлик бузиб ташланган эди.
Бироқ Ўзбекистон расмийлари бу ҳаракатларга бирор-бир изоҳ бермаганлар.
Ўзбекистонда СССР пайтида тарихга киритилган Улуғ Ватан уруши атамаси ҳам расман қўлланилмайди. Бунинг ўрнига бутун дунёда ишлатиладиган Иккинчи жаҳон уруши атамаси қўлланилади.
Уруш фахрийларига 800 минг сўмдан берилади
Айни пайтда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига 800 минг сўмдан пул мукофоти берилиши эълон қилинди. Ўзбекистон президентининг 18 апрель куни имзолаган фармонида пул мукофоти 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига тарқатилиши айтилган.
Фахрийларга мукофотни давлат бюджети ҳисобидан бериш кўзда тутилган.
“Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласин”, дейилади президент фармонида.