Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мустақилликдан бери илк бор Хотира майдонига келиб, “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйди.
8 май кунги нутқини Каримов: “Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини, Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда”, дея бошлади.
Узметроном сайти Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида “Улуғ Ватан уруши” ва “Ғалаба куни” бирикмаларини узоқ йиллардан бери биринчи марта тилга олаётганига эътибор қаратади, айни пайтда нашр Ўзбекистонда уруш фахрийлари учун байрам тадбири Украина билан бир кунда ўтказилаётганини ҳам писанда қилиб ўтади.
Якшанба кунги нутқида Ислом Каримов тинчлик-осойишталик ҳақида, ҳарбий парадлар ўтказиш куч намойишидан бошқа нарса эмаслиги ҳақида, буюк давлатлар кичик давлатлар билан тенг мақомда бўлиши лозимлиги ҳақида, Ўзбекистон ҳеч кимга ўз ҳудудидан ҳарбий база учун жой бермаслиги ва ҳарбий блокларга қўшилмаслиги ҳақида, қўшнилар билан тинч-тотув яшаш кераклиги ва бошқалар ҳақида сўзлади.
9 май Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни ўлароқ нишонлаб келинади.