Россияда бир оиланинг беш аъзосини ўлдирган ўзбекистонликлар иши судга оширилди

Москвада одам ўғирлаганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароларининг иши судга оширилди.

CA-News агентлигининг хабар қилишича исмлари келтирилмаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси 20 ёшли Қирғизистон фуқаросини ўғирлаб кетиб, товон пули талаб қилганликда айбланмоқда.

Москва шаҳар прокуратурасига таянган хабарга кўра, айбланувчилар ўғирланган қирғизистонликни Москва вилояти Ленин туманидаги Петрушино қишлоғида тутқунликда ушлаб турган. Кейин унинг амакисига қўнғироқ қилиб, жиянининг озод этилиши эвазига 120 минг рубль талаб қилишган.

Ҳодиса қачон рўй бергани ҳам аниқлаштирилмаган хабарга кўра, гаровга олинган қирғизистонлик полиция амалиёти натижасида озод қилинган.

Ушбу иш бўйича тергов якунланиб, Москванинг Нагатино тумани судига оширилган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳолатлари сўнгги пайтларда кўпаймоқда. 17 май куни бундан бир йил аввал Тулада бир оиланинг беш аъзосини бўғизлаб ўлдирган Ўзбекистон фуқароси Сриожиддин Шералиевнинг иши судга оширилгани тўғрисида хабар қилинди.

Тергов хулосасига кўра, Шералиев ўтган йилнинг май ойида маст ҳолатда таниши бўлган аёлни ўлдирган. Шундан кейин жиноятини хаспўшлаш мақсадида унинг 30 яшар қизи ва уч нафар ёш боласини пичоқлаб ўлдирган.