Хованск қабристонидаги отишмадан сўнг Москвада полиция ва ФМС рейдлари авж олди. Ўтган ҳафта охирида кучайтирилган махсус амалиётлар давомида полиция бўлимларига кўплаб муҳожир фуқаролар келтирилаётгани айтилмоқда. Озодликка мурожаат қилган тингловчилар ҳатто миграция ҳужжатлари жойида бўлганлар Россия пойтахтида кўчага чиқишга қўрқиб қолганидан арз қилди.
Москвада рейдлар авж олди
2016 йилнинг 14 май куни Москванинг Хованск қабристонидаги фожеа ортидан шаҳар полицияси ва бошқа назорат идоралари фаолияти сезиларли даражада кучайтирилгани кўзга ташланмоқда.
Охирги ҳафтада рейдлар ҳамда “зачистка”лар тинимсиз тус олди.
Баҳриддин Москванинг Теплий Стан мавзесидаги полиция томонидан ўралган бозордан Озодлик редакциясига қўнғироқ қилди:
- Теплий Стан бозорини ФМС босганини айтмоқчи эдим. Бозор ичига кирмоқчи эдим, қарасам – 4-5 автобус билан келиб, тўрт томонидан ўраб олди. Ҳаммани олиб кетяпти, документи борми-йўқми - қарамаяпти. Фақат четдан келганларни тиқаяпти! Ҳамма тўрт томонга қочаяпти. Ҳозир кучайган назорат: метроларда, чиқишда... Илгари биз турадиган Новокосинода ҳеч қачон полиция турмаган, ҳозир ташқарида ҳам турибди. Кеча иккита документлари бор бола полиция қўлига тушган эди. Шулардан “10 мингдан олиб келасан!”, дебди. Тожик боллар айтаяптики, бу қабристонда бўлган жанжал билан боғлиқ. Чунки кўп тожик болларни ушлаяпти, деди ФМС ва полиция рейдини кузатиб турган Баҳриддин.
Баҳриддин полиция рейдида ушланганларнинг аксари Тожикистон фуқаролари эканига гувоҳ бўлганини қўшимча қилди.
Ўзини Суръат деб таништирган яна бир меҳнат муҳожири “ўт кетиб, ҳўлу қуруқ бир ёнаятгани”ни гапиради. Унинг фикрича, бу маҳаллий полицияга жуда яхши қўшимча даромад:
- Москвага 4-5 йилдан бери келиб ишлайман. Илгарилари бундай бўлмас эди. 3-4 кун олдин қабристонда бўлган ҳодисадан кейин кўчада нотинч бўлиб қолди – умуман чиқиб бўлмаяпти! Милиция жуда кўп, ушлаганни депорт қилаяпти. Ёнимдаги болларни ушлаб олибди, кеча суд қилиб, 5 мингдан штраф қўйиб, депорт қилворишибди! Регистрацияси, бошқаси – ҳаммаси чисто эди. Кўчада ППСлар айланиб юрибди, ҳозир ФМС ҳам кўпайган. Танишларимга бошқа жойларга телефон қилиб сўрасам, “Биз томонда ҳам шу - кўчага чиқмаяпмиз. 25 майгача шу облавалар бўлар экан, ушлаганни депорт қилар экан”, деди. Кўчага чиқа олмаяпмиз, патенти борлар ҳам ўтирибди. Уларни қўлига тушишдан Худонинг ўзи сақласин! Улар вообше наглий бўлиб кетган. “Депорт қиламиз, у-бу қиламиз!”, деб қўрқитади. Мақсад – пул олиш. Нархи ҳар бирига минг рубл, тўрттаси ўшласа - тўрт минг, деди Суръат.
Тошкентлик Зилола Теплий Стан мавзесида бозорда ишлайди.
У Озодлик билан суҳбатда полиция меҳнат мигрантлари текшир-текшири билан овора бўлган бир вақтда, ҳақиқий жиноятчилар Москвада бемалол юрганидан арз қилди.
- Соат 9ларда ишдан дугонам билан қайтаятувдик. Йўлимизда учда бола пичоқ тираб, “Сумкангдаги нарсаларни чиқар!”, деди.Галакси телефоним, пулларим, дугонамни паспортини олиб қўйди. Дугонамда ўзи 8-9 минг пули бор эди. Энди бўлса телефон қилиб бизга, “Паспортга пул тайёрми?” деяпти. Ўзи ҳар куни ОМОН босиб кетяпти, битта ишга бориб келиш ҳам муаммо бўлиб қолди, деди Зилола.
Ю.Чабуев: “Бандитларни муҳожирларнинг ўзлари чақиртирган!”
Озодлик сўровига Москва шаҳар полициясида шаҳар раҳбари ва Ички ишлар вазирлиги талаби билан ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши махсус амалиётлар авж олганини тасдиқлашди.
Айниқса, ФМС ҳамкорлигидаги рейдлар ва “зачисткалар” Москва ичкарисида жойлашган еттита йирик қабристонда ва мигрантлар компакт яшаётган бозорларда ҳар ҳафта олиб борилишини билдиришди.
Таъкидлаш жойизки, Владимир Путиннинг махсус қарори билан Россияда Федерал миграция хизмати тугатилиб, унинг ваколатлари Ички ишлар вазирлиги таркибида янги тузилажак Миграция ишлари бўйича бошқармага ўтказилди.
14 май куни Хованское қабристонида ишчи-муҳожирлар ва маҳаллий криминал гуруҳлар ўртасида бўлиб ўтган жанжалдан кейин 100 ортиқ одам полиция бўлимларига келтирилган эди.
Тожикистоннинг Роғунида бу муштлашувда ўлдирилган уч нафар фуқаро куни кеча дафн этилди. Ўндан зиёд одам Москва шифохоналарида қолмоқда.
Муҳожирлар томонидан полицияга олиб келинган 42 ўзбек ва тожик муҳожири ўз юртларига депортация қилиниши айтилди.
Хованск некрополи директори Юрий Чабуев ва кавказликлар томонидан жангда иштирок этган 14 киши ҳибсга олинди ва жиноий жавобгарликка тортилди. Терговчилар саволларига Чабуев “кавказлик спортчиларни қабристонга мигрантларнинг ўзлари чақиртиргани”ни маълум қилди.