ШҲТ саммити сабаб коллеж ўқувчилари ҳам таътилга ҳайдалаяпти

Ўзбекистондаги барча лицей ва коллежларда ўқув жараёни қисқартирилиб, ўқувчилар 15 июндан таътилга ҳайдалаяпти. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги олийгоҳлар талабаларининг ҳам ўқиши 20 кунга қисқартирилиб, 10 июндан таътил эълон қилинди. Расмийлар талабаларнинг эрта таътилга ҳайдалишини июнь ойида Ўзбекистонда ўтиши режаланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити билан боғлаб, хавфсизлик чоралари ўлароқ изоҳлашди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, мамлакатдаги барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 15 июндан бошлаб таътил эълон қилинди.

"2015-2016 ўқув йилини ўқув режаларидаги ўқув соатларини тиғизлаштириш ва ҳафталик ўқув юкламасини ошириш ҳисобига 11 июнга қадар ўқув жараёнини якунланишини ҳамда 15 июнга қадар барча якуний давлат аттестация турларини ўтказишни таъминлаш" таъкидланади Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари У. Салимов имзоси билан тасдиқланган буйруқда.

25 май куни имзоланган ушбу ҳужжатда ўқув жараёни графигига ўзгартиришлар киритиш, таътил бошланган барча ўқувчиларнинг уйларига етиб боришини ҳам назоратга олиш топширилган.

Ушбу буйруқ чиқишидан 4 кун аввал Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги мамлакатнинг тўртта шаҳридаги олийгоҳлар талабаларини ҳам муддатидан аввал таътилга чиқарилишини маълум қилди.

Озодликка жўнатилган ушбу буйруқ нусхасида ёзилишича, жорий ўқув йили режаларида белгиланган барча якуний назоратлар ҳамда якуний давлат аттестация синовлари, жумладан, битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳимояларини 10 июнгача тугатилиши таъкидланган.

21 май куни имзоланган 205-сонли ҳужжатда нима сабабдан талабаларнинг таътили олдинга кўчирилаётгани сабаби очиқланмаган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, тўртта шаҳардаги олийгоҳлар талабаларининг таътилга эрта жўнатилиши ШҲТ саммити билан боғлиқдир:

"Биласиз ШОС саммитининг асосий қисми Тошкентда ўтади. Шунингдек, саммит иштирокчилари Бухоро, Самарқанд ва Хоразмга ҳам боришади. Шу сабаб шахсан Бош вазир Мирзиёев номидан вазирлигимизга топшириқ бўлди. Талабалар орасида бирор жанжал ёки тўполон чиқмаслиги учун эҳтиёт чораси сифатида шунга қарор қилинганини айтишди", деди вазирликдаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Талабаларни муддатидан олдин таътилга чиқариш учун тўртта шаҳардаги барча олийгоҳларнинг ўқув жараёни графигига ўзгартириш киритилди.

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган талабалар бир томондан таътил эрта бошланишидан хурсандликларини айтишди. Лекин уларга кўра, айни пайтда ўқув графигига киритилган ўзгартиришлар натижасида улар қийналиб қолаяпти:

"Бошида ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Чунки олдинги йиллар июннинг охиригача имтиҳонлар давом этар эди. Бу йил 20 кун олдин каникулга чиқарканмиз деб қувондик. Лекин ҳозир ҳар куни 2 сменада ўқиб чарчаб қолаяпмиз. Соат 4лардан ўтиб дарс тугаяпти. Дарслар кўплигидан мия ҳам чарчар экан. Бу ўқишимизнинг сифатига ҳам салбий таъсир қилаяпти. Яна имтиҳонларга тайёрланишга ҳам вақт қолмаяпти. Имтиҳонларни пулга топширсак керак, бу кетишда", дея нолийди пойтахтдаги олйигоҳлардан бирининг талабаси Озодлик билан Фейсбук орқали боғланиб.

Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганчдан ташқари бошқа барча шаҳарлардаги олийгоҳларда ўқиш одатдагидек июнь ойи охиригача давом этади.