Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити пайти хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўқув машғулотлари бошлади.
Дам олиш кунлари ушбу машғулотлар боис Тошкентнинг марказий кўчаларидан бир нечтаси ёпиб қўйилди.
Вазирлик хабарига кўра, махсус тактик ўқув-машғулотлари ШҲТ саммити олдидан фавқулодда ҳолатлар олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ўтказилмоқда.
Хабарда ушбу тадбир бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилаётгани ҳам айтилган.
ИИВнинг ушбу машғулотлари қай кўринишда ўтаётгани очиқланмаган. Лекин машғулотлар саммит бошланишига қадар давом этиши айтилган.
Ўзбекистонда ШҲТ саммити жорий йил 23-24 июнь кунлари ўтказилиши режаланган. Кейинги қарийб бир йил давомида саммит тадбирлари ўтадиган жойларда тайёргарлик ишлари давом этаяпти.
21 май куни Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгани хабар қилинди. Норасмий манбалар буни ШҲТ саммити олдидан хавфсизлик чораларининг кескин кучайтирилиши доирасидаги ҳаракат эканини таъкидламоқда.
Май ойи бошидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилаяпти. Пойтахт вилоятлардан келганлар ва мардикорлардан тозаланаяпти.
Ўзбекистондаги барча лицей ва коллежларда ўқув жараёни қисқартирилиб, ўқувчилар 15 июндан таътилга ҳайдалаяпти. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги олийгоҳлар талабаларининг ҳам ўқиши 20 кунга қисқартирилиб, 10 июндан таътил эълон қилинди. Расмийлар талабаларнинг эрта таътилга ҳайдалишини июнь ойида Ўзбекистонда ўтиши режаланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити билан боғлаб, хавфсизлик чоралари ўлароқ изоҳлашди.