Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган блог муаллифи фарғоналик мактаб ўқитувчиси. 35 яшар муаллим, ўзбекистонликларнинг аксарияти тушунадиган сабаблар туфайли, Озодлик сайти учун ёзган блоги остига ўз исм-фамилиясини ёзишга журъат қилмади. Муҳими бу эмас, муҳими Каримжон Тешаевнинг (тахаллус) блогида кўтарилган муаммо аллақачоноқ жамоатчилик эътиборига муҳтожлигидир.
***
Мен ўқитувчи сифатида мақоламни, аввало, президентимиз Каримовнинг асарларидан ёки унинг хикматли сўзларидан мисоллар келтириб бошлашим керак эди.
Бўлди, етар, бу анъанани бузишга қарор қилдим. Сабаб дейсизми? Сабаб оддий. Ўқитувчи бўлганимдан бугун афсусдаман. Ундан кўра бир оддий сартарошми, этикдўзми, сомсапазми бўлсам яхшироқмиди, деб кўп ўйлайман.
Чунки ўқитувчи бугун жамиятнинг энг обрўсиз ва қашшоқ қатлами бўлиб қолди.
Чўнтаги қуруқ устоз Мамарайим,
Ўқувчисидан пул сўрар доим,
бўлиб қолдик бугун.
Қаранг энди, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да ўқитувчиларнинг вазифаси жамиятимиздаги ўсиб келаётган ёшларни сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий билимли, фаол қилиб тарбиялашдан иборат, деб таъкидланган. Амалдачи?
Амалда эса бу қонун ва дастурлар устидан чизиб ташланган, ёшларнинг сиёсий-ижтимой ва иқтисодий фаоллиги фалажлантирилган.
Биз, ўқитувчилар, фикр деб аталган вазнсиз асбобдан умрбод фойдаланамиз. Ўзимиз импорт қилган билимларни экспорт хам қилиш қудратига эга шахслармиз.
Шунинг учун ҳам давлат бизга хақ тўлайди. Фикрий хақ, моддий хақ эвазига берилади. Бизнинг ватанга ва халққа қилган хизматимиз тарозида ўлчанмайди. Чунки таълим-тарбия миқдорини, шаклини ўлчовчи тафаккурни биз ўлчашга қодир эмасмиз.
Шунинг учун хам болаларимизга ўқиш ва ёзиш, билим олиш неъматини бериб минглаб ёш мурғак қалбларга қувонч берамиз. Аммо бизнинг тафаккуримиздаги озгина бузуқлик, норозилик келажакда миллионлаб кулфатлар олиб келиши муқаррардир. Буни ҳукумат билса-да билмасликка ёки кўриб туриб, кўрмасликка олади.
Биз сирлар устида ўйлаб қоламиз ва у сир бўлмай қолади.
“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг сири унинг сирсизлигидадир. Чунки сирланган металл хеч қачон зангламайди. У хали тўлиғича шаклланмасдан, ишлаб бўлмасдан, жиноятчиликка ва порахўрликка, тамагирликка, мажбурий меҳнатга асосланган таълим бўлиб қолди, натижада ичидан ва ташидан дарз кетди.
“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасига биноан таълим муассасаларини маҳаллий ҳокимият тириклай кўмиб, устидан қум тортиб, жанозасини ўқиб бўлган.
Мана ўқитувчини мардикор қилиб қўйилишига сабаб бўлган жумла: “Қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни хам амалга оширадилар.”
Айнан ушбу жумла ўқитувчиларнинг шўр пешонасига чиққан чипқондир. Ҳокимият ўқитувчини бугун эшак қилиб миниб олган, у барча жабру ситамлар, хўрликлар сабабчиси.
“Ахир бизнинг дунё – бу шунчаки аксимизни кўрсатувчи ойнаку.”
Соддароқ қилиб тушунтирсам, бизнинг таълим қора доскага ёзилган мавзу, лекин хали режаси битилмаган дарсдир. Режа қандай бўлишини ўқитувчи хам ўқувчи хам ва таълим вазирлигининг ўзи хам билмайди. Яхшироқ тушунишингиз учун дарс:
Мавзу: Тараққиётнинг Ўзбек моделида таълимга онгли қараш.
Режа:
Ободонлаштириш.
Обуна.
Металлолом.
Макулатура.
Мавзуни тушунишдаги таянч сўз ва иборалар:
Пахта
Пилла
Буғдой
Сайловлар
Уйга вазифа: “Ўйла изла топ”. Ўқитувчининг 30 дан ортиқ мажбуриятларини ёзиб келинг.
Мен ўқитувчининг ҳокимиятга текин ишлаб беришга мажбур қиладиган саккизта мажбуриятини ёздим, холос. Қолганини топиш сиздан. Ана шундан кейин суҳбатимизни яна давом эттирамиз.
Бизнинг аксимиз- бу шунчаки таълим дарсимиз,
Бизнинг дарсимиз- бу шунчаки бизнинг аксимиз.
Каримжон Тешаев, мактаб ўқитувчиси.