Флоридадаги гей-клубга ҳужум қилган шахс ИШИДга мойил бўлган

Орландодаги клубда ҳалок бўлганларнинг яқинлари.

АҚШ Федерал тергов бюроси Флорида штати Орландо шаҳридаги гей клубга ҳужум қилган Умар Матин ҳужум олдидан полицияга телефон қилиб, “Исломий давлат” гуруҳига байат бергани ҳақида хабар қилган.

Ота-онаси Афғонистондан бўлган 29 ёшли Умар Матин Флориданинг Порт Сэйнт Луис шаҳрида яшаган. Полиция Pulse номли клубга отишма бошланишидан уч соат ўтиб бостириб кириб, одамларни гаровга олган Умар Матин отиб ташлаганини билдирганди.

Президент Барак Обама ҳужумни “нафрат ҳужуми” ва “террор ҳаракати” деб атади. Обама ҳукумат тузилмалари мазкур воқеа юзасидан барча фактларни ўрганаётгани, аммо ҳозирча ҳужумнинг асл сабаблари мавҳум бўлиб қолаётганини билдирди.

АҚШ президенти “ирқи, миллий, диний мансублиги ёки жинсий ориентациясидан қатъий назар ҳар қандай америкаликка қилинган ҳужум барча америкаликларга қаратилган ҳужум” сифатида баҳоланишини айтди.

Айрим ахборот агентликлари Орландодаги гей клубга қилинган ҳужум учун масъулитятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабар тарқатди.

Аввалроқ АҚШ терговчилари Матин “Исломий давлат” ёки бошқа халқаро террор гуруҳига мансублиги ҳақида ҳеч қандай далиллар топилмаганини билдирди. 12 июнь куни терговчилар Матин радикаллашган бўлиши мумкинлигини, бироқ у “Исломий давлат” гуруҳи таъсирида бўлмагани ҳақида маълумот берган.

Умар Матин якшанба куни Орландо шаҳридаги тунги гей-клубга бостириб кириб, ўқотар қуролдан ўқ отган ва 50 кишини ўлдирган. Орландо ҳокими Бадди Дайер отишмада яна 53 яраланиб, шифохонага ётқизилганини айтди.

Бадди Дайер ҳодисани АҚШ тарихидаги энг ҳалокатли оммавий отишма, деб атади.