“Урганч” халқаро аэропорти фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси версияси бўйича ҳар йили ўтказиладиган “МДҲ мамлакатларининг энг яхши аэропорти” танловида “МДҲга аъзо мамлакатларнинг 2015 йилдаги энг яхши аэропорти” ҳамда “Туризм соҳасига қўшган катта ҳиссаси учун” номинацияларида ғолиб топилди, деб хабар қилди Миллий авиакомпания матбуот хизмати.
Айтилишича, 2014 йилнинг 15 декабрида “Урганч” халқаро аэропортида соатига 300 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга халқаро ва маҳаллий парвозлар терминали ишга туширилган.
“Урганч” халқаро аэропорти ахборот агентликлари тилига яқинда бошқа бир сабаб билан ҳам тушди.
EgyptAir авиаширкатига қарашли Airbus А-330 Қоҳирадан Пекинга халқаро парвозни амалга ошираётган пайти 8 июнь куни эрталаб соат 7:58да фавқулодда равишда Урганч шаҳари халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлганди.
Портлаш хавфи туфайли Урганчдаги аэропортга қўнишга мажбур бўлган EgyptAir авиаширкатининг йўловчи учоғи, текширувлардан сўнг Ўзбекистонни тарк этган.