Россияда тожик муҳожирини ўлгунича калтаклаган уч полициячи қамалди

Полициячилар уриб ўлдирган муҳожир Фаррух Ўрозов

Москва вилоятидаги Солнечногорск шаҳар суди тожикистонлик муҳожир Фаррух Ўрозов ўлимига алоқадор уч полициячи устидан ҳукм чиқарди. Уларнинг уччаласи ҳам хизмат ваколатини оширганлик ва ўлимга сабаб бўлган жисмоний жароҳат етказганликда айбдор деб топилди.

Тожикистонлик 39 ёшли муҳожир Фаррух Ўрозов ўлимида айбланган полиция ходимлари Станислав Дейкун ва Андрей Чернишев 7 йилу 4 ойданга, Владимир Гордеев эса 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Солнечногорск суди судланганлар жазони қаттиқ режимли қамоқхонада ўташига ҳукм қилди. Ўтган ҳафта давлат қораловчиси суддан судланувчиларга 9 йилдан қамоқ жазоси берилишини сўраганди.

- Бу бизнинг москвалик ҳуқуқшунослар жамоатчилик текшируви ўтказиб, жабрланувчининг вакили сифатида иштирок этган иш бўйича чиқарилган ҳукмларнинг биринчиси. Ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин биз судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари туфайли жабрланувчи Илҳом Алихоновга етказилган маънавий зарарни қоплаш ҳақида даъво аризаси берамиз, - деди судда марҳум муҳожирнинг укаси Илҳом Алихонов манфаатларини ҳимоя қилган Россия Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси юристи Сергей Бабинец.

Илҳом Алихоновнинг ўзи 15 июнь куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда уч нафар полициячига нисбатан чиқарилган ҳукмни “юмшоқ ҳукм” деб ҳисоблашини айтган.

- Россияда ўлдирилган ва ўлимига айбдорлар жазодан қутулиб кетган бошқа ўнлаб тожикистонликдан фарқли ўлароқбиз мазкур Қўмита ёрдамида айбдорларни қора курсига ўтқазишга эришдик. Улар ҳатто шу юмшоқ қарор устидан ҳам шикоят қилиб, жазо муддатини қисқартиришни талаб қилишларидан албатта хавотирдаман. Аммо бизнинг қўлимиздан келгани шу бўлди, - деди Илҳом Алихонов.

Илҳомнинг айтишича, ҳозир у учун энг муҳими товон пули ундириш ва акасининг етим қолган тўрт нафар майда боласини оёққа турғазишдир.

Тожикистоннинг Фархор туманидан бўлган Фаррух Ўрозовнинг катта ўғли 5-синфда ўқийди, қолган уч қизи эса ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган.

Илҳом Алихоновга кўра, ўзи 1994 йилдан бери Россияда муҳожиратда юрибди, Фаррух эса Москва вилоятида қарийб 14 йил ишлаган. У Солнечногорск шаҳрида қурилишда ишларди. 2014 йил 17 сентябрида Фаррухни қўшнисининг олти яшар қизчасини зўрлаганликда гумонлаб, қўлга олганлар. 18 сентябрь куни Фаррух полиция бўлимида “тез ёрдам” машинаси келгунча ҳаётдан кўз юмган. Экспертиза хулосасига кўра, Ўрозов боши, бадани ва оёқ-қўлларига 75 мартадан кўп зарба еган. Уни калтаклаганлар қовурғасининг 13 жойидан синдирганлар. Ўрозов ўзига етказилган кўплаб жароҳатлар ва бўғиш натижасида жон таслим қилган.

Илҳом Алихонов бу ишда ўзига энг алам қилгани Фаррухнинг икки марта қамалган аёл шикояти асосида қўлга олганлари бўлганини айтди.

- Маҳкама чоғида аёлнинг шикояти тасдиқланмагани ва асоссиз бўлгани аниқланди, - деди Илҳом Алихонов.