Қирғизистонлик имом бачабозликда гумонланиб ҳибсга олинди

Бишкекда педофилияга қарши 2015 йилда ўтган намойишлардан бири.

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Атчабар қишлоғи имоми қўшнисининг 10 ёшли ўғлини зўрлаганликда гумонланиб ҳибcга олинди.Туман милициясига боласининг зўрлангани тўғрисида онаси ариза билан мурожаат қилган. Атчабар қишлоғида жанжал чиқишининг олдини олиш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Атчабар қишлоғида яшовчи Салима 10 ёшли ўғли маҳалла имоми томонидан зўрлангани тўғрисида 18 июнь куни милицияга ариза ёзган. Салиманинг айтишича, улар имомга бир девор қўшни бўлган. Салима имом унинг ўғли билан бир неча маротаба жинсий алоқда бўлганини иддао қилмоқда.

- Боламга пичоқ ўқталиб, “ҳеч кимга айтма”, деб қўрқитган экан. Бир йилдан бери болам билан жинсий алоқа қилиб юрар экан. Қўлига алдаб 50 сўмдан пул бериб қўяр экан. “Ота-онангга айтсанг ўлдираман”, деб қўрқитар экан.Бу воқеани бир одам кўриб қолиб, отасига айтиб қўйибди. Отаси ўзбекчилик қилиб: “Энди бу уят, қўни-қўшнилар нима дейди , босди-босди қилайлик”, деб айтган эди. Мен бунга рози бўлмасдан милицияга ариза ёздим,- деди Салима.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Миқтибек Турдубеков мазкур воқеа бўйича жиноят иши очилганини ва гумонланаётган имом ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Жабрланувчи мактаб ўқувчисига нисбатан суд-тиббий ва суд-биологик экспертизалар ўтказилди. Тўпланган материаллар асосида жиноят иши очилиб, гумонланувчи қамоққа олинди. Гумонланувчи Сузоқ туманида яшаган, унинг ёши 58да бўлиб, у қишлоқ масжидига имомлик қилган, - деди милиция расмийси Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган маълумотида.

Бачабозликда гумонланиб қўлга олинган шахс ва унинг яқинлари ҳозирча мазкур воқеа юзасидан изоҳ беришдан тийилмоқда. Жалолобод вилоят қозиси Абдулазиз Закиров гумонланувчининг яқинлари билан суҳбатлашганини ва улар имом бачабозлик билан шуғулланганига ишонмасликларини айтганларини маълум қилди.

Вилоят қозиси бўлиб ўтган воқеани Ислом дини билан боғлаш хатолик бўлишини, айрим шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ортидан диндорлар, уламолар ва динга қарши гапириш нотўғри эканини таъкидлади.

Мазкур воқеадан сўнг Атчабар қишлоғидаги аҳоли орасида зиддиятлар ва зўравонликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

- Жанжал чиқмасин, деб тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Ички ишлар органлари, маҳаллий ҳукумат вакиллари аҳоли билан йиғилишлар ўтказаяпти. Бу воқеадан учинчи кучлар фойдаланиб, зўравонликларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Шунинг учун аҳолига фитналарга учманглар, деб айтаяпмиз. Имомнинг айбдор ёки айбдор эмаслигини суд аниқлайди. Суд тугамагунига қадар биз уни айбдор ёки айбсиз, деб айта олмаймиз, - деди Атчабар қишлоқ ҳукумати раиси Аваз Наралиев.

Бундан бир неча йил аввал Қирғизистон жанубидаги мадрасалардан бирининг мударриси 9 ёшли ўғил болани зўрлагани юзасидан жиноят иши очилган эди. Бироқ уч йил давом этган тергов жараёни ва текширувлар натижасида бу иддао тасдиқланмаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2015 йилда мамлакатда балоғатга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик юзасидан 74 ҳолат аниқланган.