22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди.
Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, мазкур ҳужжат Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва ХХР раиси Си Цзиньпин ўртасидаги учрашув якунида имзоланган.
Айтилишича, бу келишув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлар даражасига оширади.
Томонлар ўртасида, шунингдек, техник-иқтисодий, инвестицион, ташқи сиёсатдаги ҳамкорлик, ўзаро савдо алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек нефть ва газ саноати ҳамда транспорт соҳасида 200 млн долларлик ҳажмдаги кредит келишувлари кўзда тутилган 7 та ҳужжат имзоланган.
21 июнь кечки пайт Хитой раиси Си Цзиньпин рафиқаси Пэн Лиюань билан Тошкентга етиб келди. Пойтахт аэропортида уларни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олдилар, деб хабар бермоқда "Синьхуа" ахборот агентлиги.
Хитой раисининг Ўзбекистонга сафари 22 июнгача давом этади, сўнгра у Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Тошкентдаги саммитида иштирок этади.
Хитой раиси билан ўтказиладиган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинади. Шунингдек, бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Хитой раисининг сафари дастурида унинг Олий мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлаши кўзда тутилган.
Си Цзиньпин Тошкентга Бухорога уюштирган қисқа сафаридан кейин келди. Хитой раҳбари қадимий Бухоронинг диққатга сазовор жойлари билан танишиб чиқди.