Хитой миллий нефтегаз корпорацияси ва “Ўзбекнефтегаз” томонидан барпо этилиши кутилаётган Ўзбекистон - Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғини барпо этиш ишлари йил охиригача тўхтатиб қўйилди.
Москвадаги Новости агентлиги манбаси: “Энг оптимистик сценарий бўйича қурилиш шу йилнингг охирида бошланиши мумкин. Мазкур лойиҳани бозор реаллигидан келиб чиқиб қайта ишлаб чиқиш лозим бўлади”, деб билдирган.
Бундан аввалроқ Хитой томони газ қувурининг 4-тармоғи қурилиши 2016 йилнинг апрель-май ойларида бошланишини эълон қилган эди.
Марказий Осиё – Хитой газ магистралининг қурилиши 2008 йилда бошланган эди. Ўзбекистон - Хитой тармоғи мазкур магистралнинг бир қисми ҳисобланади. Магистралнинг биринчи тармоғи 2009 йилда ишга туширилган эди.
Магистрал узунлиги 7 минг километрни ташкил қилади, магистралдаги учта газ тармоғидан эса йил сайин Хитойга 55 миллиард кубометр газ етказиб берилади.