Иссиқкўлда аввал Ўзбекистонга қарашли бўлган пансионатларнинг номи ўзгарди

Номи "Роҳат НБУ"дан "Алтин жай"га ўзгартирилган пансионат.

Аввал Ўзбекистон эгалик қилиб келган Иссиқкўлдаги пансионатларнинг номи қирғизчалаштирилди. Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармасидан Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилишларича, “Роҳат” пансионати номи “Алтин жай”, “Дилором” – “Эне сай”, “Олтин қум” эса “Бўстери” деб ўзгартирилган. Айни пайтда “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолгани айтилмоқда.

Жорий йил 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Ўзбекистон пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди. Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.