Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида сарроф ҳамкасбини ўлдирди

Uzmetronom нашрининг хабар беришича, 5 июль куни Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ бозорида валюта алмаштирувчи сарроф ҳамкасбини ўлдирган.

Нашрнинг билдиришича, ўлдирилган валютачи мижозларнинг кўзини бўяб, пул ўринга қоғоз берувчи товламачилардан бўлган. Яъни бу каби кўзбўямачилар валюта алмаштириш жараёнида бир пачка пулнинг остига банкнота билан тенг қилиб қирқилган қоғозларни беркитиб, мижозларга беради. Пачканинг устида ва остида пул, ўртасида эса қоғоз бўлади.

Хабарда қотилликка нима сабаб бўлгани ва воқеа тафсилотлари айтилмган.

Қўйлиқ бозорида 2012 йилнингг 4 январида валюта алмаштиришга келган эр-хотин ҳам қаттиқ калтакланган эди. Ўшанда улар ўзларига пул ўрнига “қўғирчоқ” берган кўзбўямачи валютачилар билан орани очиқ қилиш учун келган. Бироқ милиция товламачи валютачини эмас, валюта алмаштирган ва калтакланган жуфтликни қўлга олиб, валюта алмаштириш тартибини бузгани учун жавобгарликка тортган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда одамлар валютани банкда эмас, қора бозорда алмаштиришни мақбул кўради, чунки “қора бозор” курси расмий курсдан деярли юз фоизга юқоридир.