Ўзбекистонда 620 минг гектар ер чигиртка босиш таҳдиди остида турибди.
БМТ мутахассисларининг бу ҳақдаги баёноти тўғрисида sputniknews-uz.com сайти хабар қилди. Сайтнинг Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакилига таяниб хабар қилишича, Тошкент ва Душанбе шу кунда долзарб муаммолардан бирига айланган чигиртка офатига қарши биргаликда курашиш чораларини келишиб олган. Икки давлат техник жиҳатдан бир-бирини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, илмий маълумотлар билан ўзаро алмашиб туриши белгиланган.
"Бу йил баҳор қурғоқчилик билан келганди, шу боис чигирткалар ҳужуми фаоллашган. Улар бир кунда 100 километргача масофани босиб ўтиши мумкинлигини ҳисобга олсак, ҳашаротларга қарши ҳамкорликда кураш олиб бориш ишни анча осонлаштиради", — деган вазирлик мулозими.
Мутахассислар чигиртка тарқалишининг учинчи босқичидан хавотир олмоқда. Бунда чигирткалар уча бошлайди ва бир чеккадан ўсимликни ейишга тушади.
Вазирлик мулозимига кўра, маҳаллий кимёвий дорилар билан ўз вақтида ишлов берилганлиги туфайли 400 минг гектар майдондаги экинларга ҳашаротлар ҳужум қилишининг олди олинган ва уларнинг кўпайишига йўл қўйилмаган. Аммо Ўзбекистонга чегарадош туманларда ҳам профилактик тадбирларни амалга ошириш муҳим.