Москва вилоятининг Ногинск шаҳрида ишлаб юрган Ёқубжон Озодлик орқали ўз юртдошларига мурожаат қилиб, Интернетда, айниқса “Одноклассники” ижтимоий тармоғида кўпайиб кетган фирибгарлардан, хусусан авиачипта "сотувчи"лардан огоҳ бўлишга чақирди.
Ёқубжон куни кеча “Одноклассники”да ўзининг дўстига Ўзбекистонга кетаётган учоққа арзонга чипта олиб, чув тушганини гапириб берди.
- Бизда бир кишининг паспорти йўқолди. “Утерян” деган справка олиб, бир ой ичида чиқиб кетадиган ҳужжат олдик. Билет олмоқчи бўлиб юрувди, “Одноклассники”дан менга расм-эълон келди. Кўрсатилган рақам бўйича телефон қилдим, жавоб беришди “Евросеть”га 17 июль куни борасиз, кейин тушунтирамиз нима қилишни”, дейишди. Якшанба куни
“Евросеть”га бордик. “5-10 минут кутинг”, деб чўзишди. Ўша ерда “Радио”ми “Радеон”ми деган онлайн тўлов тизими орқали тўлашни талаб қилишди. “Шунга пул туширасизлар, кейин телефон орқали биз тушунтирамиз”, дейишди. “Бўпти”, деб кирдик, пулни ташладик. Эълон бўйича 6 минг рубль ўтказдик. Кейин қоғозга қўл қўйдик, пул туширилган. “Шу билетни олиб любой кассага борасизлар, Ўзбекистонга сизга бронь қилинганини олаверасиз, дейишди”, деди Ёқубжон.
Бироқ, биринчи авиакассада уларга чипталар бундай шаклда сотилмаслиги, фақат авиакомпаниялар расмий сайтлари орқали ёки авиакассалар орқали сотув амалга оширилишини билдиришган.
Фирибгарлар маккорлигига учраганини пайқаб қолган ўзбек муҳожирлари яна чипта сотган рақамни теришади.
- Қайтариб телефон қилсак, олишгани йўқ. Ана шунақа ҳолатга тушиб қолдик... Арзон бўлганига учдик. Чеки бор эди, чекини полицияга топширдик. Полицияга тушунтирдик, чек асосида ариза ёздик. Полиция текшириб, “Улар Москва номерида экан. Отделга жўнатамиз аризани”, деб олиб қолишди, дейди олдин ҳам бундай фирибгарликлар тўғрисида эшитганини гапирган наманганлик муҳожир йигит.
Озодлик ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган бу эълонда кўрсатилган телефон рақамлари ҳақиқатан ўчирилганини аниқлади.
Ёқубжоннинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларига қилинаётган қаллоблик ва товламачилик билан асосан Ўзбекистондан келган шахслар шуғулланмоқда. “Улар ҳамюртларимиз соддалигидан фойдаланмоқда”, дея давом этади у.
- Мен шунақа мошенникларни эшитиб турибман-да! Домодедоводан Ногинскка 1,5-2 минг рублга олиб келади. Бизда бир таксичи бир болани олиб келган. “Радио Такси”да уни 10 мингга олиб келган! “Скидка!” деб, 8 минг рубль қилиб берган, деди Ёқубжон.
Россиянинг турли минтақаларида қаллоблар ва фирибгарлар найрангларига учраганлар Озодликка хабар беришлари мумкин.