Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Қоҳир Расулзодага Роғун ГЭСи қурилишининг тузатиб бўлмас оқибатлари зикр этилган мактуб йўллади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган мазкур мактубга гидроиншоот қурилиши бўйича “Роғун ГЭСи” очиқ турдаги акциядорлик жамияти ва Италиянинг Salini Impregilo S.p.A ширкати ўртасида тузилган шартнома сабаб бўлгани айтилмоқда.
“Тожикистон ҳукуматининг нима қилиб бўлса ҳам Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришдаги қатъияти Тожикистон томонидан олинаётган таваккалчилик қадамлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавфли ва тузатиб бўлмас оқибатлардан хавотир ҳиссини пайдо қилмай қўймайди”, дейилади Ўзбекистон бош вазири мактубида.
Мирзиёевга кўра, гидроиншоот қурилаётган майдонда ўтказилган қатор тадқиқотлар, энг аввало, Жаҳон банки шафелигида ўтказилган халқаро экспертиза Роғун ГЭСи қурилиши бутун Марказий Осиё минтақаси учун катта таҳдид туғдириши мумкинлигини тасдиқлаган.
Тўғонининг баландлиги 335 метр келадиган мазкур гидроиншоот лойиҳасига расмий Тошкент анча йиллардан бери қаршилик билдириб келади. Ўзбек расмийлари 9-10 балли зилзилалар юз бериши мумкин бўлган жойда бу каби гидроиншоот қурилишининг хавфсизлигига шубҳа билан қарайдилар. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳатто сув жанжали минтақада урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Мирзиёев мактубида Тожикистон раҳбарияти мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш муаммоларини кичик ва ўрта ГЭСлар қуриш ҳисобига ҳам ҳал қилиши мумкинлиги урғуланган.
Ўз навбатида, Тожикистон томони Роғун ГЭСи минтақа экологиясига хавф солмаслигини, агар у ишга тушса, мазкур сув омборида қўшни давлатларнинг суғориш ишлари учун сув жамғарилиши осон бўлишини иддао қилади.