Тошкент шаҳри Оқтепа массивидан Озодликка йўлланган шикоятда массив марказидаги 3 та кўпқаватли уй чала бузилгани, оилалар эса томи, эшик-роми қўпориб олинган очиқ уйларда яшашга мажбур қолганидан арз бўлди. Озодликка йўлланган хабарда хонадон эгаларига ҳали уй берилмагани айтилди. Ҳозирча ҳокимият мутасаддилари бу ҳолат юзасидан бирор изоҳ бермади.
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги Оқтепа мавзесидан келган шикоятда шу йилнинг 3 майидан буён массивдан ўтувчи бир неча йўлни кенгайтириш мақсадида аҳоли уйлари ва уйлар олдидаги кичик майдончалар бузилаётгани айтилди.
Оқтепа мавзесидаги кичик ҳалқа йўли бўйида қарийб 45 йил очиқ турган озиқ-овқат дўкони бузилганини айтган шикоятчига кўра, шу кунга қадар туман ва Тошкент шаҳар ҳокимияти на товон пули, на бузилган дўкон учун ер берган:
- Ҳалқа йўли устида менинг дўконимни бузишди, ичидаги маҳсулотларни яқиндаги мактабнинг ошхонасига олиб бориб ташлашган. Дўконимнинг орқасидаги 12-уй, сал наридаги 32, 34-уйларни ярмини бузишди. Одамлар кўчада қолди. Фақат 3 оилага уй беришган, қолган 9 та оила уйсиз. Томсиз уйда яшашяпти, баъзиларининг балконини қўпориб олишган, шундоқ уйи очиқ қолган, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган шикоятчи.
Унинг айтишича, Тошкент шаҳри ҳокимияти, туман прокуротурасига мурожаатлар жавобсиз қолмоқда.
Ҳали уй-жой берилмасдан туриб, яшаб турган уйлари бузила бошлаган оқтепаликлар жанжал-тўпалон билан бульдозерлар йўлини тўсган:
- Одамлар жанжал қилганидан кейин, уйларни ярми бузилганича қолди. Бўлмаса, шунча одам кўчада қолар эди, - дейди шикоятчи.
Қуйида шикоятчи билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Оқтепа массивидан келган шикоят бўйича, тегишли ташкилотлардан изоҳ олишга уринмоқда.
Озодлик бу шикоятга оид тафсилотлар ва расмийлар изоҳини олишга уринмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг!
Қуйида эса Озодликка йўлланган суратлар билан танишишингиз мумкин:
>