Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўзининг расмий сайтида “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йили мобайнида барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан муваффақиятларга эришилгани” тўғрисида ёзди.
Диний идорага кўра 25 йил ичида “ЎМИ таълим тизими шаклланди ва халқаро миқёсда эътироф этилди, ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва раис ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ислом оламидаги энг мўътабар халқаро ташкилотларга аъзо этиб сайланди ва бу ташкилотлар ишида фаол иштирок этмоқда, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган барча масжидлар малакали, дипломли кадрлар билан тўлиқ таъминланган”
Идора, шунингдек, бошқа кўрсаткичларни ҳам "диний соҳада улкан муваффақиятлар”га эришилганига далил сифатида келтирган.
Идоранинг мазкур ҳисоботида мамлакат мусулмонлари ҳаётидаги муаммолар, хусусан диний мотивлар билан озодликдан маҳрум қилинганлар ёки Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларини битирганлар ҳужжатларини олийгоҳлар қабул комиссиялари бу йил қабул қилмаётгани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.