Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги Ачавот маҳалласида яшаётган лўлилар Бектемир туманидаги Чашма маҳалласига кўчирилиши мумкин.
Бектемир туман ҳокими Сарвар Маҳаметовнинг Podrobno.uz сайтига маълум қилишича, эски шаҳарда қайта қуриш ишлари давом этмоқда ва уйи бузилаётган ҳар бир кишига, қонунга мувофиқ, кўчиш бўйича бир неча жой таклиф қилинган.
Шундай таклифлардан бири кўп сонли лўлилар истиқомат қиладиган Чашма маҳалласига кўчиш бўлган. Нашр, ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, бу маҳаллада 250 чоғли оила кўчиб ўтиши учун етарли жой борлигини ёзади.
Бектемир тумани Тошкент ҳалқа йўлининг ташқарисида жойлашган. Туман ҳокими Сарвар Маҳаметов ачавотлик лўлиларнинг Чашмага кўчиш-кўчмаслиги ҳали ҳал қилинмаган масала эканини айтган.
“Ҳеч ким ҳеч кимни зўрлаб кўчишга мажбур қилаётгани йўқ. Уларга танлов имконияти берилди, нима қилишни уларнинг ўзлари ҳал қилади”, деган туман ҳокими.
Тошкентда лўлилар асосан Эски шаҳарда ҳамда Биродарлик, Қўйлиқ, Сирғали, Сувсоз мавзеларида истиқомат қиладилар. 1959 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида Ўзбекистон шаҳарларида 3 минг нафар, 1979 йилда ўтказилган рўйхатга олишда эса 6 минг нафар лўли яшаши аниқланган.