Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан ватанига қайтиши ўтган йилга нисбатан анча секинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлигига таянган ҳолда Новости агентлиги хабар тарқатди.
Агентлик расмийсининг Новости мухбирига айтишича, Россияда юзага келган инқироз оқибатида ватанига қайтишни истаганлар 2015 йилдаёқ Ўзбекистонга қайтиб бўлган.
“2016 йилда меҳнат муҳожирларининг Россиядан Ўзбекистонга оммавий қайтиши кутилмаяпти”, деб билдирган агентлик расмийси.
Ўзбекистон статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2016 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонни 84 минг 400 одам тарк этган, 72 минг одам Ўзбекистонга қайтган.2015 йилда эса бу кўрсаткич 168 минг 600 кишини ташкил қилган. Ўзбекистонга қайтганлар сони эса 139 минг 600 одам бўлган. Бу эса аввалги йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.
“Жорий йилда қайтганлар сонининг кам бўлаётгани ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанига қайтиши ўтган йилга нисбатан озайганини исботлайди”, деб хулоса қилган Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик расмийси.
Бугунги кунда 3-4 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида экани айтиб келинади. Россия Федерал миграция хизматининг билдиришича, Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон ватандоши меҳнат қилади.