Жанубий Корея ёрдамида Тошкент аэропортининг янги қуриладиган халқаро терминали биноси Хумо қушининг ёйилган қанотлари кўринишида бўлади. Бу ҳақда UzReport нашри лойиҳа расмийларига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, янги терминал 36 самолёт қўниши мумкин бўлган перронга, 1700 автомашинага мўлжалланган парковкага эга бўлади ҳамда соатига 1500 йўловчига хизмат кўрсатади.
“Тошкент-4” деб номланадиган янги терминални барпо этиш ишлари 2019 йилнинг ёзида якунланиши назарда тутилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 336 миллион 443 минг долларга тенг.
Терминалнинг майдони деярли 87 минг квадрат метрга тенг бўлиб, у йилига 5 миллион 700 минг йўловчига хизмат кўрсатиши режаланмоқда.