Ўш шаҳрида Чор Россияси ўзбек, қирғиз, қозоқ ва тожикларни қирғин қилганининг юз йиллиги хотирланди. Хотира тадбири Ўшдаги Алимбек Додхо истироҳат боғида Қуръон ўқиш билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Москва ҳукуматидан 100 йил аввалги воқеаларга ҳуқуқий баҳо бериш талаби билан Ўшдаги Россия консулхонасига тинчлик юриши ўтказмоқчи бўлди. Бироқ милиция мазкур юришни тарқатиб юборди.
Ўш шаҳридаги Алимбек Додхо истироҳат боғида 1916 йилда Самарқанд, Хўжанд, Сирдарё ва Фарғона водийси ҳамда Қирғизистоннинг ҳозирги шимолий вилоятларида кўтарилган халқ қўзғолонлари ва бу исёнларнинг Чор Россияси томонидан аёвсиз бостирилганига 100 йил тўлиши муносабати билан марҳумларни хотирлаш тадбири ўтказилди.Тарихчиларга таянилса, қўзғолонларни бостириш чоғида камида 500 минг киши қириб ташланган.
Ўшда ўтказилган тадбир ташкилотчиларидан бири Абдумажит Мадумаров сўзларига кўра, Ўшдаги тадбирда нафақат қирғизлар балки, ўзбеклар ва тожиклар ҳам иштирок этди.
- Бугун Ўш заминида Ўш, Жалолобод, Боткенда яшаган қирғиз, ўзбек, тожик миллати вакиллари йиғилиб, ўтиб кетган ота - боболаримизга қуръон ўқиб, жамоатчилик тингловини ўтказамиз деган эдик. Бир йил аввал президент буйруғи билан 1916 йил воқеларини юз йиллигини нишонлаш бўйича давлат комиссияси тузилган. Бундан ташқари Азимбек Бекназаров бошчилигида мустақил комиссия ҳам тузилган. Барча олийгоҳларда илмий конференциялар ўтказилаяпти. Бугундан бошлаб жой - жойларда жамотачилик тингловлари бошланади ва бу воқеаларга ҳуқуқий баҳо берамиз, деб икки комиссия вакиллари, тарихчилар ва оддий халқ вакилларини чақирганмиз, -деди Абдумажит Мадумаров тадбирда сўзлаган нутқида.
Унга кўра, бугунги тадбирни кўнгилдагидек ўтказиш учун овоз кучайтиргичлар қўллашга Ўш шаҳар мэрияси рухсат бермаган.
Тадбирда иштирок этган 70дан ортиқ киши Қуръон ўқиб бўлинганидан сўнг 1916 йилдаги воқеаларга ҳуқуқий баҳо берилиши талаби билан Ўшдаги Россия элчихонаси томон юриш қилди.
Тадбир иштирокчилари бир неча юз метр пиёда юрганларидан сўнг Ўш шаҳар милицияси раҳбарияти уларнинг олдига келди. Милиция раҳбарлари ҳокимият томонидан тадбирни ўтказиш ва юриш қилишга рухсат берилмаганини айтганидан сўнг намойишчилар тарқалиб кетди.
Мазкур тадбирда қатнашган ўлишклардан бири Озодлик радиосига мана буларни айтди:
- Юз йил олдин ҳам халқ бирлиги мустаҳкам бўлган. Ўша даврда қирғиз ҳам, ўзбек ҳам, рус ҳам ватан учун жонини бериб ўлиб кетди. Ўшаларни ёдлаб, ўзимизга ҳулоса чиқариб, шу ерда яшаётган маҳаллий икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашимиз керак. Тўйимиз ҳам, жанозамиз ҳам бир эканини тушунишимизни, Марказий Осиёдаги халқлар ҳаммамиз бир бўлишимизни хоҳлардим, -дейди ўшлик Манзурахон опа.
Тарихий ҳужжатларга таянадиган бўлсак, 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган. Чор ҳукумати исёнларни бостириш учун 1916 йилнинг 17 июлидан бошлаб Туркистон ўлкасида фақулодда ҳарбий ҳолат жорий этишга мажбур бўлган.
Исёнчиларга қарши 30 минг рус ҳарбийси пулемёт ва замбараклардан ўқ отган. Ёз охирларига бориб Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсидаги исёнлар бостирилган.
1916 йилги халқ қўзғолонини бостириш ортидан Чор Россияси ҳарбийлари қанча одамни қириб ташлагани шу кунгача аниқ маълум эмас.
Қирғиз ва қозоқ тарихчилари замонавий Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудидагина 500 мингдан ортиқ одам ўлдирилгани ҳақида гапириб келадилар.