Қўқон шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати июнь ойида пора олишда гумонлаб қўлган олган Қўқон давлат педагогика институтининг ўқитувчисини видеотасвирга олиб, қабул имтиҳонларидан икки кун олдин имтиҳонда қатнашадиган ўқитувчиларга намойиш қилди. Ана шу фильм намойишида қатнашган ўқитувчиларга кўра, МХХ бошлиғи “имтиҳонда қайси биринг пора олсанг, ана шундай жувонмарг бўлиб кетасан”, деб айтган. Бироқ айбсизлик презумпциясига кўра, “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмангунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”.
Қўқон давлат педагогика институтининг адабиёт фаультети ўқитувчиси 54 яшар Одинахон Тўхтасинова июнь ойининг охирида пора олаётганликда гумонланиб МХХ томонидан ҳибсга олинган эди.
Расмий маълумотларга кўра, Одинахон Тўхтасинова Қўқон шаҳар ёшлар маркази директори билан ўзаро келишиб, абитуриентдан ўз уйида тўрт ярим минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланган.
Орадан бир ой ўтиб, қабул имтиҳонлари арафасида МХХ, прокуратура ва давлат тест маркази вакиллари иштирокида Одинахон Тўхтасинова ҳақида олинган видеофильм қабул имтиҳонлари оладиган ўқитувчиларга намойиш қилинган.
Бу фильмни кўрган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, видеода Одинахон Тўхтасинова кечирим сўраган:
“Одинахон опойнинг видеодаги кўриниши жуда аянчли аҳволда эди. Сочлари тўзғиган, руҳи тушиб кетган. У”мен нафс йўлига кириб хато қилдим, ҳамкасбларим ва қариндош уруғларимни юзини ерга қаратдим, МХХ ходимларидан мени кечиришларини сўрайман” деб илтижо қилди”, деди ўқитувчи.
Унинг айтишича, фильмдан сўнг МХХ раиси йиғилган ўқитувчиларга қараб дўқ-пўписа қилган:
“Агар имтиҳон вақтида ушласам, хафа бўлма. Жуванмарг бўлиб кетасан. Кўзингни оч баринг, болаларни ичига ҳам ўзимизни одамларни киритганмиз. Мана бу опойни аҳволини кўрдингми, ана шундай бўласан, деди”, дейди ўқитувчи.
Ўқитувчиларнинг айтишларича, бу намойишдан сўнг улар имтиҳон куни кузатувчилик ва назоратчиликка боришдан чўчиб қолганлар:
“Баъзи аудитория раҳбарлари, ўқитувчилар ва назоратчилар қўрққанидан ўша куни имтиҳонга ҳам келишмади. Ҳали айби судда исботланмаган ўқитувчини ҳаммани олдида сазойи қилиб, қолганларга эса таҳдид қилиш, бу айбсизлик презумпциясининг қўпол равишда бузилишидир”, деди ўқитувчи.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида эса айбсизлик презумпцияси ҳақида бундай дейилган:
“Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”.
Ўзбекистонда эса, айби ҳали суд ҳукми билан тасдиқланмаган ватандошларни, суддан олдин давлат телеканаллари ва гумонланувчи ҳамкасблари олдида изза қилиш, уларга айб юклаш ҳолатлари кўп кузатилади.
Жумладан яқинда чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга ҳам ҳали суд бўлмасдан давлат телевидениеси орқали бир қанча айбловлар эълон қилинган эди.