Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат парламентига оммавий амнистия ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Лойиҳа 12 мингдан зиёд маҳбусни қамраб олади.
Президент матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур қонун қабул қилинса, 3 мингдан ортиқ маҳкум озодликка чиқиши, шартли жазо олган 4 мингдан зиёд киши тўлалигича афв қилиниши мумкин. Шунингдек, беш минг кишига очилган жиноят ишлари ёпилиши ёки муддати қисқартирилиши мумкин.
Амнистияга аёллар, ўсмирлар, ёши 55 дан катта бўлган эркаклар, уруш ва жанговар амалиётлар фахрийлари тушиши мумкин. Айни пайтда қотиллик, террорчилик, диний экстремизм ва шунга ўхшаш оғир жиноятлар учун судланганлар эса афв қилинмаслиги айтилмоқда.
Оммавий амнистия 9 сентябрь куни нишонланажак Тожикистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан таклиф қилинган. Депутатлар президентнинг бу таклифини маъқуллаши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўп йиллардан бери тожик расмийларини аксилтеррор қонунларидан Душанбе сиёсатидан норозилар овозини ўчириш учун фойдаланаётганликда айблаб келадилар.