Тошкент Хитой-Ўзбекистон-Қирғизистон темир йўли қурилишига қаршилик қилмайдиган бўлди

Расмий Тошкент Хитой- Ўзбекистон-Қирғизистон темир йўли қурилишига ўз муносабатини ўзгартирди. Бу ҳақда Tazabek нашрига Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Замирбек Айдаров маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон мазкур лойиҳанинг амалга оширилишига қаршилик билдириб келаётган эди. Бироқ шу йилнинг июнь ойида Бейжинда ўтган уч томонлама музокаралардан сўнг расмий Тошкент ўз позициясини ўзгартирган ва лойиҳани амалга оширилишидан манфаатдор эканини билдирган.

Вазирнинг айтишича, айни пайтда Тошкент, Бишкек ва Бейжин экспертлари лойиҳанинг молиявий жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Шунгдан сўнг темир йўл қурилиши қачон бошланиши юзасидан аниқ муддатлар белгиланади.

Замирбек Айдаров Хитой-Ўзбекистон-Қирғизистон темир йўлининг техник иқтисодий асосламалари давлат сири сифатида ҳимояланганини маълум қилди.