Путинга шикоят қилмоқчи бўлган тракторчилар ОМОН томонидан тўхтатилди

Кубан фермерлари Москвага юриш қилмоқда

Порахўрлик ва талончилик борасида президент Путинга арз қилиш учун Москвага жўнаган Кубан тракторчилари полиция томонидан тўхтатилди. Фермерлар миниб олган тракторлар карвони полиция ва ОМОН қўшинлари томонидан Ростов-Дон остонасида қуршаб олинди, бир неча ўн киши қўлга олинди. Краснодар ўлкаси прокуратураси фермерлар шикоятларини кўриб чиқишини билдирди. Деҳқонлар эса ҳамон тарқалишдан бош тортмоқда.

Фермерлар иддаосига кўра, маҳаллий суд тизими, ҳокимиятда илдиз отган коррупция ва рейдерлик чидаб бўлмайдиган даражага келиб қолган.

Фермерлар полиция томонидан меҳмонхонада тўхтатилди

Новая газета” мухбирлари хабарига кўра, акцияни видеотасвирга олаётган икки фаол - Рустам Маламагамедов ва Сергей Владимировлар ОМОН томонидан қаттиқ калтакланган, мобил телефонга олинган тасвирлар мажбуран ўчириб ташланган. Улардан бири боши ёрилган ҳолда шифохонага олиб кетилди.

Қолган кубанликлар мажбуран ортга қайтариб юборилди.

“Трактор юриши”га Россия Юк ташувчилар жамоатчилик ҳаракати ҳам қўшилди ва унинг оммалашиб бораётгани маҳаллий ҳукуматни жиддий қўрқувга солди.

22 ва 23 август куни фермерлар билан учрашувга Краснодар ўлка губернатори муовини Андрей Коробка ва Жанубий Федерал округдаги президент вакили ёрдамчиси Леонид Беляклар чиқди. Учрашув давомида марш иштирокчилари маҳаллий агрохолдинг компаниялари монополиячи ташкилотларга айланиб бораётгани, кичикроқ бўлган хўжаликлар ерларини тортиб олиб, синдиришга уринаётгани, уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд томонидан дастакланаётгани борасида ҳужжатларни тақдим этдилар.

(Igor Khoroshilovнинг Youtubeдаги видеолавҳаси)

Берилган катта ваъдаларга қарамасдан, мансабдор шахслар тракторчиларни ортга қайтишга кўндира олмади.

- Бизга йўлни очиб беришга кўмаклашинг, машиналаримизни қайтариб беришсин. Биз Воронежга юрамиз ва мумкин ўша ерда фермерлар бутунроссия қурултойини ўтказамиз, дея талаб қўйди ишчилар.

Фермерлар юриши тўхтатилгани ва полиция томонидан бостиришга уринаётгани борасида биринчилар қаторида Свердловск вилоятидан

Василий Мелниченко

бўлган таниқли фермер Василий Мелниченко хабар берди. У бундан бир неча йил олдин биринчилар қаторида Россия қишлоқ хўжалигида вужудга келган аянчли аҳвол борасида Москва иқтисодий форумида хабар беришга уриниб кўрган.

- Бу бизнинг еримиз. Биз халқмиз. Биз нима қилишни буюришимиз керак. Ана ўшанда бизда тартиб бўлади. Халқ буни кутаяпти, ва ислоҳотларни тепадан амалга ошириш лозим. Агарда одамлар пастдан ўзгартиришга киришса – 1917 йил бўлади. Бунга йўл қўймаслигимиз керак, ахир биз стабиллик тарафдоримиз, деди "тракторчилар юриши"га қўшилган Василий Мелниченко.​

Айни пайтда, фермерлар норозилиги бошланганидан уч кун ўтиб, 23 августда, Краснодар ўлкаси прокуратураси кубанлик деҳқонлар талабларининг қонунийлигини текшириш учун махсус ишчи гуруҳ тузилди. Прокуратура ерларнинг қайта тақсимланиши қонунийлигини ва фермерлар томонидан илгари сурилган бошқа талаблар асосида текширув ўтказишини маълум қилди.

Ҳозирга келиб норозиликда иштирок этаётган тракторлар бошқа техника Ростов вилоятининг Дорожний қўрғонидаги меҳмонхоналардан бирида блок қилинган. Бу орада акция иштирокчилари жойлашган қўрғонга Москвага юришини тўхтатиш илтимоси билан қатор амалдор ва маҳаллий ҳукумат вакиллари бесамара ташриф буюриб қайтди.