Қирғизистонлик сиёсатчи Азимбек Бекназаров мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевга очиқ мурожаатнома билан чиқди.
Ўз мурожаатида Бекназаров давлат раҳбарини 31 август кунги байрам нутқида чегара масалаларига тўхталмай, бунинг ўрнига Конституцияга тузатиш киритишга қарши чиқаётганларни айблашга ўтиб кетганини танқид қилди.
Бекназаров Қирғизистон парламенти 1 сентябрдаги сессияда биринчи галда Унгартепа (қирғизчада Унгар Тоо) атрофидаги масалани муҳокама қилиши, шу жумладан, тепалик Ўзбекистонга тегишли экани эътироф этилмиш баённомани имзолаган амалдорларнинг исмини очиқлаши, аввалги барча ҳужжатларни бекор қилиши, Ўзбекистонга нота йўллаши ва қўшни давлат милиционерларини у ердан чиқариб ташланиши масаласини муҳокама қилиши лозимлигини қайд этади.
“Бугунги кунда давлат раҳбари, бош қўмондон сизсиз. Бундан ташқари сиз мамлакат ташқи сиёсатини белгилайдиган одамсиз. Унгартоғ атрофидаги вазият учун энг юқори даражада сиз жавоб берасиз. Чунки бу масала билан боғлиқ бутун қонуний ҳокимият сизнинг қўлингизда”, дейилади Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси ва собиқ бош прокурор Азимбек Бекназаровнинг президент Атамбаевга мурожаатида.
Аввал хабар қилинганидек, 22 августда Ўзбекистон Қирғизистоннинг радиореле станциялари жойлаштирилган Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. Бу воқеа қирғиз расмийлари 13 август куни ўзбек милиционерини қўлга олгани ортидан содир бўлган.
23 август куни ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, қарийб 300 долларлик жаримага тортилган ва Ўзбекистонга депортация қилинган.
Расмий Бишкек Тошкентдан Унгартепа ҳудудидан милиционерларни олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда, бироқ Ўзбекистон бу талабни бажаришга шошилмаётир.