27 йил Каримовнинг соясида юрган Мирзиёев ким?

Шавкат Мирзиëев ўз раҳнамосини қабрга қўйди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколати Конституциянинг 96- моддасига зид равишда Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилди.

Мамлакатнинг биринчи рақамли раҳбарига айланган Шавкат Мирзиëевнинг сиëсий портретига назар ташлаймиз.

Шавкат Мирзиëев ким?

Шавкат Миромонович Мирзиëев ҳақидаги расмий маълумотларда унинг 1957 йили Жиззах вилояти Зомин туманида ветеринар врач оиласида дунëга келгани айтилади.

Тожикистонлик журналист Манижа Қурбонова ўтказган журналистик суриштируви асосида Мирзиëевнинг ота-онаси Тожикистоннинг Ғончи туманидаги йўқсиллиги билан танилган Яхтан қишлоғидан Ўзбекистонга кўчиб борганлигини иддао қилади.

Яхтан қишлоғда¸ асосан¸ этник ўзбеклар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Комсомол, мерган ва партком...

Мирзиëевнинг сиëсий фаолияти Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтидан бошлангани ҳақида маълумот бор.

Мирзиëев институтда аввалига бошланғич комсомол ташкилоти котиби бўлган.

Мирзиëев 1982 йилда институтни битириб “инженер-механик” мутахассислигига эга бўлади ва айни институтда кичик илмий ходим даражасида ишлай бошлайди.

Айнан ўша пайтда ов милтиғидан отишга қизиқиб “Нишонга аниқ урувчи мерган” деган советча кўкрак нишонига сазовор бўлган. Мирзиёевнинг овга ишқибозлиги кейин ҳам давом этган. Ҳоким бўлган даврида овчи Мирзиёев Зомин қўриқхонасида "мерганлик намунаси"ни кўрсатгани ҳақида иддаолар бор.

Шавкат Мирзиëев Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти Коммунистик партия қўмитасида раҳбар¸ яъни партком лавозимига кўтарилган.

Посткоммунист раҳбар қандай кўтарилди?

1990 йилда Мирзиёев Совет Ўзбекистони Олий кенгашига депутат қилиб сайланган ва ўша йили парламентда ўтказилган Ўзбекистон президенти сайловида Саноқ комиссияси аъзоси бўлган ва Ислом Каримовнинг назарига тушган.

1992 йилга келиб Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлади.

Шавкат Мирзиёев қаттиққўлликлари ҳақидаги хабарлар бутун республикага тарқалган эди
Самарқандлик собиқ мулозим Фарида Бўронова.

​Озодлик манбаларининг эслашича¸ Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани президент Ислом Каримовнинг "Дўрмон" қароргоҳига чегарадош ва бу туман раҳбари сифатида иш юритиши Каримовга маъқул бўлгани учун 1996 йили Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилояти ҳокимлиги ишониб топширилган.

Мирзиёевнинг бу вилоятдаги ҳокимлиги фермерларнинг давлат режаси бажариб бўлинганидан кейинги донни давлатга топширишдан бош тортганлари билан боғлиқ норозиликлар манзарасида кечган.

2001 йилда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимини эгаллаганида ҳам "Шавкат Мирзиёев қаттиққўлликлари ҳақидаги хабарлар бутун республикага тарқалган эди" - дея эслайди самарқандлик собиқ мулозим Фарида Бўронова.

Ойболта ушлаган Бош вазир

2003 йилда Президент Каримов Мирзиёевни Ўзбекистон Бош вазири лавозимига тайинлади.

Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилганидан кейинги Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палаталари илк қўшма мажлисида президент Ислом Каримов Шавкат Мирзиёев номзодини бош вазирликка таклиф этганди.

Мирзиëев бу лавозимга Ўткир Султоновнинг ўрнига келди ва Каримов ўлимидан сўнг ҳам муваққат президентлик вазифаси билан биргаликда бу лавозимда фаолият кўрсатмоқда.

Шавкат Мирзиёев президент Каримов жанозасида

​2004 йил Тошкентга ўша пайтдаги Украинанинг бош вазири Виктор Янукович ташриф буюрган ва Халқаро Бизнес маркази биносида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказганида илк бора ташқи сиëсат борасида бу кишининг дунëқараши очиқланди.

Бу музокара чоғида Мирзиёев Ўзбекистон яқинлашиб келаётган Украинадаги президентлик сайловида жаноб Янукович номзодини қўллаб-қувватлашини айтган эди.

Каримов тобуткаши

2016 йилнинг 2 сентябрь куни Ислом Каримов ўлими ортидан Шавкат Мирзиëев дафн комиссиясининг раҳбари экани эълон қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколати конституцияда кўзда тутилгани каби Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга эмас¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилди.

Панадаги мулозим

Шавкат Мирзиëев узоқ вақт Каримов панасида қолиб келган мулозим

​Шавкат Мирзиёев Бош вазир лавозимини эгаллаган 2003 йилдан то бугунга қадар журналистлар билан мулоқот қилмаган сиёсатчи сифатида кўрилади.

Ўзбекистонлик журналист Шароф Убайдуллаевга кўра¸ Мирзиëев телеканаллар ва газета саҳифаларида тасвири кўринмаслигини қатъиян талаб қилган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод сифатида Бош вазир лавозимини шу кунгача эгаллаб келаётган Шавкат Мирзиёев бошқаруви депутатлар тарафидан яхши баҳоланиб, офаринлар айтилмоқда.

Улар назарида “Мирзиëев шарофати билан мамлакатда бир қанча иқтисодий ютуқларга эришилган ва аҳолининг моддий турмуши яхшиланган”.

2015 йил октябрида Бош вазир Мирзиëев ташаббуси билан Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди. Бу воқеа дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳажв қилинган эди.

"Бой қариндош. Пул ва ҳокимият никоҳи"

Алишер Усмонов

​2009 йилда россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевнинг жияни Диëрага уйланган эди.

Бир неча ойдан сўнг Бобур Тошкентда автоҳалокат қурбони бўлди.

Бобур ва Диёранинг Марям исмли қизчаси бор.

Диёра ва Бобур Усмонов

Шавкат Мирзиëевга қуда бўлган асли наманганлик Алишер Усмонов Форбс нашрига кўра¸ Россиянинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади.

Шавкат Мирзиëев қўқонлик Маҳмуджон исмли савдогарнинг қизига уйланган ва оиланинг Саида ва Шаҳноза исмли икки қиз фарзанди¸ шунингдек, Алишер исмли ўғли бор.

Мирзиëевнинг Саида исмли қизи ва унинг эри Ойбек Турсуновнинг бедодлиги ҳақида интернетга маълумотлар сиздирилган эди.

Хавфсизлик нуқтаи назардан ўз исми фош этилишини истамаган собиқ амалдорнинг иддаосига кўра, давлат заҳираларини бошқариш қўмитасида мулозим бўлган Турсунов айни идорадаги камомади ҳамда валюта қора бозоридаги фаолияти боис муаммога дуч келган.

Озодлик манбасига кўра, Ойбек қудратли қайнотаси кўмагида жазодан қутулиб Москвага кетиб яшашга мажбур бўлган.

Улар Москванинг бойлар яшайдиган "Рублевка" мавзесида яшашган.

Сўнгги маълумотга кўра¸ Ойбек Турсунов Тошкентга қайтган.

Бош вазирнинг куëви Ойбек Турсуновнинг отаси Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи¸ Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғи истеъфодаги полковник Ботир Турсуновдир.

2001 йилда Ўзбекистондан қочган собиқ Ички ишлар вазирлиги мулозими ва пахта тужжори Баҳром Мўминохунов Россиянинг етакчи телеканалларидан бири "ТВ-Центр" намойиш қилган ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақидаги​ махсус кўрсатувда Ботир Турсунов тилга олинган эди.

2010 йили IzRus портали Исроилнинг "Ихилов" касалхонасида Шавкат Мирзиёевнинг Шаҳноза Мирзиеева-Шаханова исмли қиз фарзанд кўргани ҳақида ëзди.

Шаҳнозанинг эри Отабек Шаханов ҳақида маълумотлар кам.

Таҳр: Бош вазир, республика президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиëев билан бирга ишлаган, ўқиган ёки бошқа ҳолларда йўлингиз кесишган бўлса, билганларингизни бизга йўлланг. Озодлик радиоси истагингизга биноан шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

e-mail:ozodlikmail@gmail.com
TELEGRAM + 420 724 971 539
WhatsApp + 420 724 740 755