Туркия Адлия вазирлиги 13 сентябрда уламо Фатҳулло Гуланни қўлга олиш илтимоси билан АҚШга расмий мурожаат жўнатди.
Мурожаатда Гулан давлат тўнтариши ҳаракатига раҳбарлик қилгани ва унинг бу ҳаракатлари оқибатида 270 одам ҳалок бўлгани айтилади.
1999 йилдан бери АҚШда яшаётган Фатҳулло Гулан Туркияда июль ойида содир этилган давлат тўнтариши уринишига алоқаси йўқлигини айтиб келади.
Турк ҳукумати Гулан асос солган “Хизмет” ҳаракатини террорчи гуруҳ деб эълон қилган. Бу гуруҳга тилакдош бўлган шахслар турк ҳукумати томонидан қамоққа олинмоқда ёки ишдан бўшатилмоқда.
Июль ойида муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши урунишидан сўнг Туркияда минглаб одамлар қамоққа олинди, ўн минглаб одамлар эса ишдан ҳайдалди.
Мазкур воқеадан сўнг турк ҳукумати АҚШдан Гуланни экстрадиция қилишни талаб этган. Бироқ АҚШ бунинг учун Анқарадан Гуланнинг айбдор эканини исботловчи ҳужжатларни талаб қилган. Кейинроқ Туркия Адлия вазирлиги Гуланга алоқадор ҳужжатлар Вашингтонгга жўнатилганини маълум қилган эди.