Россия Мирзиёевнинг "вазиятни тўлиқ назоратга олганини" эътироф этди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўлими мамлакат ва минтақадаги вазиятга салбий таъсир ўтказа олмайди, деб баёнот берди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси. Унинг айтишича, Мирзиёев ҳукумати “вазиятни тўлиқ назоратга олган”. Шунга қарамасдан, Россия дипломатияси минтақадаги вазият издан чиққан ҳолатда аралашиши мумкинлигини ҳам инкор этмаётир.

"Президент Ислом Каримовнинг сиёсий саҳнадан кетиши ортидан Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда вазият ўзгармасдан қолади".

Россия президентининг Афғонистондаги махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё Иккинчи департаменти директори Замир Қобуловнинг 12 сентябрь куни журналистлар олдида қилган бу баёнотидан англаш мумкинки, Россия Шавкат Мирзиёевнинг марҳум президент Ислом Каримов сиёсатини давом эттиришига ишонади.

- Бу (Ислом Каримов ўлими.-таҳр.) Ўзбекистон ва унинг атрофидаги вазиятга ҳарбий-сиёсий нуқтаи назардан салбий таъсир ўтказмайди, деган фикрдаман. Ўзбекистон ҳукумати вазиятни назорат қилиб турибди, деди Замир Қобулов.

Унинг айтишига кўра, олдинроқ Россия “экстремист унсурларнинг” Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигига уриниб кўришидан хавфсираган.

- Ҳозирча улар бунинг уддасидан чиқа олмади. Президент вазифасини бажарувчи бош вазир Шавкат Мирзиёев ўзини оқлаган амалларни давом эттиради, деди Россия Ташқи ишлар вазири расмийси.

Шунингдек, Марказий Осиёдаги бугунги вазиятга изоҳ берган Қобулов Россия Афғонистонга қўшин киритмасликка қатъий қарор қилганини билдирди.

Россиялик дипломат, шунга қарамасдан, “Исломий давлат” жангариларининг Афғонистон ичкарисида ҳарбий потенциалини оширишидан хавотир билдирди.

- Экстремистик кучларнинг Афғонистонга қўшни бўлган Марказий Осиё давлатларига бостириб кириши мумкинлигини инобатга олиб, биз бунга жавоб қайтаришга мажбурмиз. Жавоб берамиз ҳам, керак бўлса. Улар мобиллашиш, ўз сафларига жалб қилиш, ўзининг ҳарбий потенциалини оширишни давом эттирмоқда. Агарда бунга чек қўйилмаса ёки муайян йўллар билан тўхтатилмаса, кейинги йилда биз ИШИДни ўз чегараларимизда кўрамиз, деди Россия ҳарбий ё Замир Қобулов .

У Афғонистондаги террорчиликка қарши кураш ҳарбий ҳаракатлар билан эмас, балки давлат иқтисодиётининг юксалтирилиши ортидан натижа беришини уқтирди.

Кавказ, Болқон ва Марказий Осиё тадқиқотлар маркази директори Артем Улунян Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги ва минтақадаги барқарорлик нафақат Шавкат Мирзиёев ва унинг командаси олиб боражак сиёсатга боғлиқлигига ишонишини билдирди.

- Ўзбекистондаги стабиллик нафақат ҳокимиятга келаётган ҳукумат ҳатти-ҳаракатлари, балки Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятга, кўпроқ ижтимоий-иқтисодий ҳолатга боғлиқ бўлади. Умуман олганда, шахсан мен ҳам Ўзбекистонни минтақадаги вазиятни издан чиқара оладиган давлат деб ҳисобламайман. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар – Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан муносабатлари шунингдек кўп нарсани белгилаб беради. Шу давлатлар орасидаги келишмовчиликлар бартараф этилсагина тўлиқ барқарорлик борасида сўз юритса арзийди, деди сиёсатшунос Артём Улунян.

Жаноб Улунян алоҳида вазиятларда ва Афғонистондаги аҳвол мураккаблашиши ортидан Россия ҳарбий амалиётларни бошлаши мумкингигидан шубҳаланмаслигини айтди.

- Муайян вазиятларда Ўзбекистондаги ҳолатнинг оғирлашиши ёки Афғонистондан бўлган таҳдидларнинг кучайиши натижасида Россия ҳарбий жиҳатдан аралашиши мумкинлигига ҳечам шубҳа қилмаганман. Ташқи ишлар вазирлигининг бундай баёнотлари Россиянинг бунга қодирлигини яна бир бор исботидир, деди Артём Улунян.

Суҳбат сўнггида сиёсий таҳлилчи Артём Улунян Ислом Каримов сиёсатини ёдга олиб, у Ғарб мамлакатлари ва Россия ўртасида мувозанатни сақлашга интилганига қарамасдан, ҳарбий соҳада ўзининг ягона ҳимоячиси сифатида фақат Россияни кўриб келганини ҳам эслатиб ўтди.