Ўзбекистон Ички ишлар тизимида ўзгаришлар рўй берди

Ўзбекистонда ички ишлар вазирининг муовинлари ҳамда айрим вилоятларнинг ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ишдан олиниб, ўрнига бошқа одамлар тайинланди. Ушбу лавозим ўзгаришлари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланганидан ўн кун ўтиб амалга ошмоқда. Мирзиёев айни пайтда "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунга имзо чеккан.

“Постда” нашрига кўра, полковник Саидкарим Нишонбоев Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган.

Полковник Алишер Эргашев Ўзбекистон ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

Фарғона ИИБ Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бошқармаси бошлиғи лавозимига подполковник Фарруҳ Ўсаров, Фарғона шаҳар Ички ишлар бошқармасига подполковник Раҳмонали Мусаев, Қўқон ИИБга — подполковник Азимжон Юлдашев, Қувасой ички ишлар бўлимига — подполковник Қудратжон Ўринбоев, Учкўприк туман ИИБга — подполковник Зиёҳидин Ғафуров тайинланган.

Подполковник Отабек Сайдаҳмедов Самарқанд вилоят Қўшработ туман ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам ўзгаришлар бўлди.

Қорақалпоғистон ички ишлар вазирининг янги ўринбосари лавозимини эса Айтбай Темирханов эгаллаган.

Ушбу лавозим ўзгаришлари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мувақат президенти этиб тайинланганидан ўн кун ўтиб амалга ошмоқда.

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунга имзо чекди.

Қонунга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги бевосита мамлакат президентига бўйсунади.

Келаси ойдан кучга кириши кутилаётган қонунда ИИВ тизимида хизмат қиладиган ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси белгиланган.

Ички ишлар ходимларининг ўқотар қуролдан фойдаланиш тартиблари қайд этилган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсатшунослар ва халқаро ташкилотлар мустақиллик йилларидан буён милиция тўғрисида қонун йўқлигини қайта-қайта айтиб келишади.

Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, сўнгги 9 ой ичида аҳолидан амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органларига оид тушган 500 шикоятнинг ҳар бешинчиси ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидандир.

Эндиликда ИИВ тўғрисидаги қонун кучга кирса, сирада Ўзбекистон МХХ хизмати қолади. Зеро, Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида ҳам шу пайтгача қонун қабул қилинмаган.