PaxtaGram: “Ногиронни ҳам пахта теришга мажбурлашмоқда”

Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтининг 1-босқич талабаси 3-гуруҳ ногирони эканига қарамасдан пахта теришга мажбурланаётганидан шикоят қилди:

“Мен Тошкент Ирригация Институтининг 1- курс талабасиман. Бизларни 10 сентябрь, якшанба куни пахта теримига Сирдарё вилоятига чиқарди. Кейинги куни эса теримга чиқарди. Обедга яқин домлалар тера олмаган теримчиларни дўппослашди. Шунингдек, “тера олмасанг, институтдан ҳайдаласан” деб қўрқитмоқда.

Мен ўзим 18 йил давомида 3- гуруҳ ногиронлик бўйича пенсия олиб, доимий равишда даволаниб келмоқдаман. Институт деканатига керакли хужжатларни тақдим этганман. “Сен ўқишда пахта теримига бориш лозимлигини биласан. Шифокорлар берган маълумотнома ва ногиронлик гувоҳномаси ўтмайди. Ёки ариза ёзиб ўқишдан кетасан” деб айтишди иқтисодиёт факультетининг деканатида.

Пул беришга шароит йўқ. Ҳаттоки фермерлар “бу масала бизнинг қўлимизда эмас, домлалар орқали ҳал қилинг” деб айтишди.

Пахта теримига 2-3 кун давомида чиқдим. Айнан шу кунлар мобайнида айрим талабалар пахтани тарк этди. Аммо уларни ўқишдан четлаштирилади деб огоҳлантиришди.

Нима қилсам бўлади? Ўқишга киришнинг ўзи бўлмайди”, дея ёзди ногирон-талаба.

Озодликнинг янги "PaxtaGram" лойиҳасида пахта мавсумига оид келаётган мактубларни тақдим этамиз. Пахтага оид хабарлар фото ва видеоларни Telegram орқали +420724971539 рақамига ёки @ozodnews манзилига юборинг. WhatsApp орқали + 420 724 740 755 Email: ozodlikmail@gmail.com PaxtaGram га Telegram орқали ёзинг