Россия ноқонуний муҳожирларни депортация қилишни вақтинча тўхтатди

Россия миграция қонунларини бузган муҳожирларни депортация қилишни вақтинча тўхтатди. Рус оммавий ахборот воситаларининг маҳаллий мутасаддиларга таяниб хабар қилишича, Россия Ички ишлар вазирлигида хориж ватандошларини бадарға қилиш ва ҳужжат расмийлаштиришга маблағ етмаётир.

Россия депортация марказлари тўлиб тошган

Миграция мутахассислари Россия Ички ишларидаги молиявий муаммоларни Федерал миграция хизматининг тугатилиши ва унинг ваколатларини полициянинг миграция департаменти таркибига ўтказилиши билан боғламоқда.

2016 йил апрелида ноқонуний муҳожирларни депортация марказларида сақлаш, қўриқлаш ва мамлакатдан чиқариб юбориш вазифалари полицияга юклатилган эди.

Федерал ахборотлар агентлиги хабарига кўра, ҳукумат депортацияга ажратиладиган маблағларни бюджетдан ажратиш юзасидан 2015 йилда қарор чиқарган бўлса-да, уни бажариш масаласига келганда пул етишмовчилиги сезилмоқда.

Ҳозирга келиб Россиянинг деярли барча минтақаларида фаолият юритаётган Хорижликларни сақлаш депортация марказлари мигрантларга тўлиб тошган.

Суд приставлари ва полиция нафақат ушланган муҳожирларни депортация қилишга, балки талабнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришга пул етишмаётганидан шикоят қилмоқда.

Бундан олдинроқ Озодлик 2016 йилнинг февралида Россия Суд приставлари федерал хизмати ҳукуматга хорижликларни бадарға қилиш учун 391 миллион 190 минг рубл миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида расмий хат юборгани, аммо жавоб ололмагани тўғрисида хабар берган эди.

Россиянинг Приморье ўлкаси суд ижрочилари эса авиакомпаниялардан депортация қилинаётган ўзбек муҳожирлари учун чипта нархларини камайтиришни сўраб мурожаат қилганди.

"Бизда маблағ етарли!"

Россия Суд приставлари федерал хизматининг Челябинск бўйича идорасида бундай хабарларни рад этишди.

Хизмат расмийси Ольга Шчебланова Озодликка миграция қонунчилигини бузган муҳожирни сақлаш ва бадарға қилиш процедурасини аниқлаштириб берди:

- Миграция қонунчилигини бузган одам суд қарори билан маъмурий ҳуқуқбузарлар учун махсус муассасага жойлаштирилади. Суд қарори кучга киргунча ва бу ҳужжатлар идорага етиб келгунча анча вақт ўтади. У одамни бадарға қилиш учун пулга банкка буюртма берилади, ана ўшандан кейин пул берилади. Айнан ҳозир молиялаштириш масаласида бизнинг идорамизда муаммо йўқ, дея таъкидлади Ольга Шчебланова.

Мисол учун, биргина Санкт-Петербургдаги депортация лагерида 240 мигрант ушлаб турилибди, ваҳоланки у 170 кишига мўлжалланган; Приморский ўлкаси Артём шаҳрида эса 65 кишининг ўрнига 105 киши сақланаётгани маълум.

Аниқланишича, бу марказдаги маҳбусларнинг асосий қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари ташкил этади.

"Пулинг бўлса халтада..."

Озодлик Россиянинг Ярославл вилоятидаги марказлардан бирида 5 ойдан буён сақланаётган муҳожирлардан бири билан гаплашишга муваффақ бўлди. Ўзбекистонлик Жавлон ҳужжатлари жойида бўлган ва ўз ихтиёри билан кетишни истаганлар муаммосиз чиқиб кетаётганини тасдиқлаб берди.

- Мен 5 ойдан бери ётибман, пулим йўқ. Гаплашдим, телефон қилдим шунча жойга – фойдаси бўлмаяпти, жўнатмаяпти. Энди 6 ой бўлганидан кейин мени жўнатмасдан, қўйиб юборар экан. Агарда ҳужжатингиз жойида бўлса, пулингиз бўлса - бемалол чиқиб кетаверасиз, деди Жавлон.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Тимофей Широков Озодлик билан суҳбатда бугунги кунда Россияда қўлланилаётган депортация процедурасига изоҳ берди. Унинг айтишига кўра, мигрантлар иккита асосий йўл билан Россиядан чиқариб юборилади – “мажбурий депортация” ва “кўнгилли равишда мамлакатдан чиқиб кетиш”.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тимофей Широков билан тўлиқ суҳбат

Адвокат Широков Россия Ички ишлар вазирликларида ва бошқа хизматларидаги молиявий қийинчиликлар туфайли мигрантлар масаласида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини инкор этмади:

- Мамлакатдаги умумий ҳолат ва давлат идораларининг молиялаштирилишини инобатга олиб, мен бундай ўзгаришларни инкор этмайман. Агарда вазият шундай жиддий бўлса, ҳукумат судларга “ихтиёрий равишда чиқиб кетиш” ҳукмларини кўпроқ чиқаришга босим қилади. Сайловлар тугади, мигрантларга қарши кайфият сўниб боради, ҳатто амнистия эълон қилиниши ҳам мумкин, деди суҳбатдош.

Суҳбат сўнгида ҳуқуқ ҳимоячиси Тимофей Широков ўзбек ишчиларини ўз давлатлари ҳисобига олиб чиқиш таъминланиши масаласида Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ва Россия ўртасида давлатлараро шартнома имзоланиши мумкинлигини тахмин қилди.