Мирзиёев молиявий пирамида қурганларга алоҳида жазо тури тайинлади

23 сентябрь куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев молиявий пирамида қурганларни жавобгарликка тортишни назарда тутган қонунни имзолади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг янги 188 моддаси 1-бандига кўра, фоиз эвазига жисмоний ва юридик шахсларнинг пули ёки бошқа мол-мулкини олган, улардан фойдаланган ёки молиявий фаолиятга раҳбарлик қилганлар энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилиши ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Агарда молиявий пирамида такроран ёки хавфли жиноятчи томонидан матбуот, интернет ёки телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда барпо этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 300 дан 500 баробаригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилиши ёда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Молиявий пирамида ўта йирик миқдорда, ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши алоҳида таъкидланган.