Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва айни пайтда мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ўзининг расмий сайтида виртуал қабулхона очди.
Ўзбекистондаги юридик ва жисмоний шахслар ушбу сайт-қабулхонга кириб, ўзлари ҳал эта олмаган муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлари билан бош вазирга виртуал мурожаат қилишлари мумкин.
Озодлик баъзи тингловчилари билан боғланиб, уларга Бош вазирга мурожаат этиб олиш имконини берди.
Тингловчиларнинг пахта йиғим-терими билан боғлиқ шикоятларини четлаб ўтдик. Ўзбекистонликларни пахтадан бошқа яна қандай муаммолар қийнаётганига қизиқдик.
“Балиқчилик фермаси очишга рухсат берсин”
Биринчи суҳбатдошимиз Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманидан. Унинг айтишича, фермер акасининг 4 гектар ерини сув босиб кетган. Сув шу қадар босганки, ўша 4 гектарли майдонда бемалол балиқ боқса бўлади. Лекин туман раҳбарияти балиқчилик фермаси ташкил қилишга рухсат бермаяпти. Жарқўрғонликнинг Озодликка айтишича, Бош вазир аралашмаса, масала ҳал бўладиган эмас.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Россияда эркин яшаб-ишлаб юришимизга шароит яратсин”
Сарлавҳага чиқарилган илтимос билан Бош вазирга Қашқадарёда қолган оиласини Россияда ишлаб топган пулига боқаётган йигит Озодлик орқали мурожаат қилди. 10 йилдан буён оиласидан узоқда яшаётган, ҳозирда Москвада фаррошлик қилаётган қашқадарёликнинг айтишича, кейинги йилларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда яшаши ва ишлаши жуда мушкуллашиб кетдики, Шавкат Мирзиёев шу масалага эътибор қаратиб қўйиши керак.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Қўшним тортиб олган еримни ундан қайтариб олиб берсин”
Самарқанднинг Ургутида яшайдиган тингловчининг Озодлик орыали Шавкат Мирзиёевга шикоят қилишича, қўшниси унинг ҳовлисининг бир қисмини тортиб олганига бир неча бўлди ва маҳаллий идоралар раҳбарларидан тортиб то судларгача “босқинчи қўшнининг” ёнини олмоқда. Боз устига, ерининг бир қисмидан ажралган ургутликни яқин кунларда рецидивист сифатида судламоқчилар ҳам. Ҳар ҳолда тингловчимиз шундай деди ва афтидан, Шавкат Мирзиёев шу ишга ҳам эътибор бериб қўйиши керакка ўхшайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Аҳмадбойни озод қилсин!”
Озодлик боғланган навбатдаги тингловчи Тошкентнинг Чинозидан. Унинг айтишича, эндигина 19 га кирган бу йигит "тенгдошларининг аксарияти каби ишсиздир". "Ишни излаган топиши мумкин, лекин топиладиган иш бир томондан ўта оғир, тўланадиган ҳақ эса, ўта оздирки, натижада ишлашдан ҳеч қандай маъно йўқ"., деди у. Молиявий пирамида тузганликда айбланиб қўлга олинган Аҳмадбой Турсунбоевни озод қилишни ҳам сўради у Озодлик орқали Шавкат Мирзиёевдан.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бош вазир виртуал қабулхонаси таклиф ва шикоятларни билдириш учун махсус телефон рақамларни ҳам маълум қилган.
Қўнғироқлар Ўзбекистон бўйича бепул эканлиги, фақат стационар телефонга қўнғироқ қилинса ҳақ олиниши эълон қилинди.
Ўзбекистон ватандошлари ўз ариза, шикоят ёки таклифларини ЎзЛиДеПнинг ҳудудий кенгашларига ҳам мурожаат қилиб, билдиришлари мумкинлиги айтилди.
Веб саҳифада ЎзЛиДеПнинг барча вилоятлардаги манзиллари ва телефон рақамлари кўрсатилган.