Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискадан ўтиш янада қийинлашди

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди.

Uzbekistan Today сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 23 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 21- моддасига биноан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқи бериладиган тоифалар рўйхати янада торайди.

Эндиликда, тилга олинган ҳудудларда доимий пропискадан ўтган фуқароларнинг хотини (эри), уларнинг вояга етган, лекин ўз оиласига эга бўлмаган фарзандлари, вояга етмаган фарзандлари ёки хотиннинг (эрнинг) олдинги никоҳидан фарзандлари ёхуд никоҳсиз туғилган фарзандлари, шунингдек, асраб олинган фарзандларидан ташқари қариндош-уруғлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида домий прописка қилинмайди.

Шу пайтгача тилга олинган ҳудудларда доимий пропискадан ўтган фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражали қариндошларининг барчаси доимий пропискадан ўтказилиши мумкин эди.