20 кундан бери давлат бошқараётган Мирзиёев кунига ўртача биттадан кадр алмаштирди

Ўзбекистон бош вазири ва муваққат президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 8 сентябрда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганидан буён ўтган 20 кун ичида мамлакат бошқарув тизимининг турли поғоналарида бир қатор амалдорларни ишдан олиб, уларнинг ўрнига бошқаларни тайинлади.

Баъзи ҳолатларда Ислом Каримов даврида ишдан олинганлар амалга қайтарилган бўлса, кадрларга оид бошқа ўзгаришларни одатдаги ротация сифатида қабул қилиш ҳам мумкин.

13 сентябрь

Шу куни Президент вазифасини бажарувчи кадрларга оид биринчи қарорни қабул қилди.

13 сентябрь куни имзоланган бир қатор фармонлар билан Бош вазирнинг бир ўринбосарини ишдан олиниб, ўрнига бошқа одам тайинланди, бир вазирлик раҳбари ўзгартирилди, Бош вазир икки ўринбосарининг ваколатлари доираси кенгайтирилди.

13 сентябрь кунги фармонлар билан

ишдан олинди:

Каримов Маджит Маликович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимидан;

Алишер Васикович Вахабов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан.

Тайинланди:

Арипов Абдулла Ниғматович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари этиб,

Рустам Сабирович Касимов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб.

Ваколатлари кенгайтирилди:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Азимов Рустам Содиқовичнинг;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Икрамов Адхам Ильхамовичнинг.

Шавкат Мирзиёев президент вазифасини бажарувчи сифатида бошлаган кадрлар сиёсатидаги энг биринчи қадамнинг бир жиҳати жамоатчилик эътиборини ўзига тортди: Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига Арипов Абдулла Ниғматовични тасдиқлади.

Абдулла Арипов 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги корупция жанжали ортидан, ишдан олинган эди.

14 сентябрь

2014 йилдан буён Бухоро вилоят прокурори бўлиб келган Муротжон Азимов Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари этиб тайинланди. Азимов Бош прокуратурага анчадан буён вакант турган лавозимга тайинланди.

16 сентябрь

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев шу куни Жиззахга сафар қилди ва Жиззах шаҳри ва еттита туман ҳокимини лавозимидан олди.

Жиззах шаҳри ҳокими Асрор Қобиловнинг ўрнига аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтаевни тайинлади.

Вилоят прокурори Шуҳрат Акбаровнинг ўрнига Шоҳмуҳаммад Муҳаммаджоновни тайинлади.

Шунингдек, Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари ортидан вилоятдаги камида олтита туман ҳокимлари алмаштирилди.

17 сентябрь

Ички ишлар вазирининг муовинлари ҳамда айрим вилоятларнинг ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ишдан олиниб, ўрнига бошқа одамлар тайинланди.

Полковник Саидкарим Нишонбоев Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари;

полковник Алишер Эргашев Ўзбекистон ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи;

подполковник Фарруҳ Ўсаров Фарғона ИИБ Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бошқармаси бошлиғи;

подполковник Раҳмонали Мусаев Фарғона шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи;

подполковник Азимжон Юлдашев Қўқон ИИБ бошлиғи;

подполковник Қудратжон Ўринбоев Қувасой ИИБ бошлиғи;

подполковник Зиёҳидин Ғафуров Учкўприк туман ИИБ бошлиғи;

подполковник Отабек Сайдаҳмедов Самарқанд вилоят Қўшработ туман ИИБ бошлиғи;

Айтбай Темирханов Қорақалпоғистон ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

18 сентябрь

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов ва шу туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Саидакбар Пўлатов ишдан бўшатилди.

22 сентябрь

Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб Шерзод Кудбиев тайинланди.

24 сентябрь

Ўзбекистон президентининг ташкилий масалалар ва кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармуҳаммедов Бош вазир ва муваққат президент топшириғи билан 5 туман ҳокимини вазифасидан бўшатди.

“Қизириқ туманига Бахтиëр Ибодовни қўйди. Музработ туманига Улуғбек Қосимов¸ Олтинсойга Эркин Бойниëзов¸ Сариосиëга Асқарали Жўраев ва Шерободга Абдулҳаким Эшмуровни ҳоким қилди”¸ деб хабар қилди вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.

27 сентябрь

Тошкент ахборот технологиялари университети ректори лавозимига жорий йил февралида тайинланган Ўткир Ҳамдамов вазифасидан озод қилиниб, ўрнига бир пайтлар айни олийгоҳда проректор бўлиб ишлаган Тўлқин Тешабоев тайинланди.

28 сентябрь

Сирдарё вилоят Боёвут тумани ҳокими лавозимига Раҳимжон Маҳамаджонович Бобоев тасдиқланди.