Туркия расмийлари шу йил июлида давлат тўнтариши уринишидан кейин киритилган фавқулодда вазият муддатини яна уч ойга узайтиришга қарор қилган. Бу ҳақда Туркия бош вазири муовини Нўъмон Қуртулмиш маълум қилди.
Қуртулмушга кўра, янги муддат шу йил 19 октябридан кучга киради.
Фавқулодда вазият даставвал шу йилнинг 20 июлида – давлат тўнтариши уринишидан беш кун ўтгач жорий қилинганди. Ҳарбий исён камида 270 нафар кишининг ёстиғини қуритган. Анқара мазкур исённинг уюштирилишида АҚШда яшаётган диний арбоб Фатҳуллоҳ Гуланни айбдор деб билади. Гуланнинг ўзи бу айбловларни рад этиб келмоқда. Исёндан сўнг Туркияда 32 минг чоғли одам ҳибсга олинган, минглаб киши тўнтариш уринишига алоқадорликда гумонланиб, ишдан бўшатилган.