Ташаббус гуруҳи Мирзиёевни чиқиш визасини бекор қилишга чақирди

Стикер йўқлиги сабаб чиқиш визаси берилмаслиги ҳақида эълон.

Ўзини "Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи", деб номлаётган гуруҳ муваққат президент Шавкат Мирзиёевга Интернет тармоғи орқали петиция билан мурожаат қилди.

Деярли 800 киши имзоланган петицияда ҳукумат Ўзбекистонда мавжуд чиқиш визасини бекор қилишга чақирилган.

“Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси пораҳўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", дейилади петицияда.

Чиқиш визаси Совет Иттифоқи пайтида ўйлаб топилган эди. Мустақилликка эришилганидан сўнг чиқиш визаси постсовет давлатлари орасида фақат Ўзбекистондагина сақланиб қолган. Жаҳонда чиқиш визаси Ўзбекистондан ташқари Шимолий Кореяда ҳам мавжуд.