Хитой ўз фазо лабораториясига икки космонавт юборди

Хитой Ер орбитасидаги ўз лабораториясига икки фазогир жўнатди.

“Шэньчжоу-11” космик кемаси 17 октябрь куни эрталаб Гоби чўлидаги “Цзюцюань” космодромидан учиб кетди.

Космик кема фазода “Тяньгун-2” лабораториясига уланиб, бир ой ишлайди. Бу хитойлик фазогирлар учун фазода ўтказиладиган энг узун муддатдир.

Мамлакат раҳбари Си Цзиньпин “мазкур миссия Хитойга фазони ўзлаштиришда олға катта қадам ташлашга имкон яратишини ҳамда мамлакат фазони ўрганувчи қудратли давлатга айланишига замин яратишини” айтди.

Хитой ўз фазогирларини мустақил равишда космосга юборган Россия ва АҚШдан кейинги учинди давлатдир.

Хитой ўз доимий фазо станциясини қуришни режалаштирмоқда. Бунинг учун кейинги йилларда “Тяньгун-2” фазо кемаси кенгайтириб борилади.

Станциянинг 2022 йили тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.