Олабуқалик баптист аёл жасади иккинчи марта қабрдан чиқариб олинди

Иллюстрация

Қирғизистон жанубидаги Олабуқа туманида насронийликнинг баптист оқимидан бўлган Қанигул Сатибалдиеванинг жасади қабрдан иккинчи марта чиқариб олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги вакили Қиянбек Сатибалдиевга таяниб, Азаттиқ радиоси хабар қилди. Ҳозирда жасадни кўмиш учун бошқа жой изланмоқда.

76 ёшида вафот этган аёлнинг жасади икки кун олдин насронийлар қабристонига кўмилган эди ва айтилишича, унинг бу қабристонга кўмилишига маҳаллий насронийлар қаршилик билдирган.

Бироқ марҳумнинг яқинларига кўра, жасадни насронийлар қабристонидан ҳам чиқариб олиш маҳаллий имомлар ташаббусидир.

Аввалроқ улар жасаднинг мусулмонлар қарбистонга кўмилишига рухсат бермагани хабар қилинган эди.

Олабуқа туманида истиқомат қилган 76 ёшли Қанигул Сатибалдиева 13 октябрь тонгида вафот этган.

Унинг қизи Жилдиз Азаеванинг айтишича, онаси христиан динининг баптист оқимидан бўлгани учун ҳамқишлоқлари жасадни қишлоқдаги мусулмонлар қабристонига кўмишга изн бермаган.