“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталарни UzCard воситасида сотишни йўлга қўймоқда

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси 2016 йил 18 октябридан авиачипталарни онлайн-бронлаш ва улар учун UzCard банк карточкалари воситасида ҳақ тўлаш бўйича хизмат кўрсатишни бошлайди.

Авиаширкат матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, эндиликда йўловчилар www.uzairways.com сайти орқали “исталган вақтда уйдан ёки офисдан туриб республика ичи ҳамда яқин ва узоқ хориж мамлакатлари бўйлаб қатновларга авиачипталарни мустақил равишда расмийлаштириши мумкин”.

“Интернет орқали бронлаш ва ҳақ тўлаш муваффақиятли амалга оширилганда бронлаш пайтида кўрсатилган электрон манзилга ва мобил телефонга электрон чиптанинг йўналиш распечаткасини оласиз, унда Сизнинг сафарингиз ҳақида батафсил маълумотлар акс этади, шунингдек, харид тасдиқланганлиги ва UzCard пластик карточкасидан маблағ ечиб олинганлиги тўғрисида SMS-хабар ҳам оласиз”, дейилади авиаширкат эълонида.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” масъулларига кўра, интернет орқали авиачиптани бронлаш ва ҳақ тўлаш учоқ учишидан камида 3 соат олдин амалга оширилиши мумкин. Йўловчилар учоққа чиқиш учун авиачипта распечаткаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, яъни паспортини кўрсатиши кифоя.

Бу хизматдан фойдаланиш учун ҳозирча фақат UzCard пластик карточкаси яроқли экани, VISA ва Mastercard орқали ҳақ тўлаш эса кейинги босқичда жорий қилиниши айтилмоқда.

Урғулаш жоизки, UzCard пластик карточкаси орқали тўловларни фақат миллий валюта бўлган сўмда амалга ошириш мумкин. Хорижий давлатларга эса авиачипталар асосан валютада сотилади. Бундан фақат алоҳида тоифадаги кишилар, хусусан, уруш фахрийлари, ногиронлар, хорижга даволанишга, ўқишга, хизмат сафарига ёки жанозага кетаётганлар мустаснодир. Демак, UzCard орқали йўловчилар фақат Ўзбекистон ичидаги йўналишларга чипта олишлари мумкин.