Қирғизистонда насронийликни қабул қилган аёл жасади 3- марта қайта дафн этилди

Қирғизистоннинг Олабуқа туманида насронийликнинг баптист оқимига ўтиб кетгани айтилаётган 78 ёшли Қанигул Сатибалдиеванинг жасади учинчи марта қайта дафн этилди. Бу сафар маҳаллий ҳокимият жасад қайси қабристонга кўмилганини жамоатчиликдан сир тутмоқда. Бунгача Қанигул Сатибалдиева икки марта - аввал мусулмонлар қабристонига, кейин эса православ насронийлар қабристонига кўмилган эди. Бироқ маҳаллий аҳолининг норозилиги ортидан унинг жасадини бу қабристонлардан кўчиришга тўғри келди.

Марҳуманинг 78 ёшдаги турмуш ўртоғи Акжўл Азаев хотинининг қабри яна очилганини кўриб, кўзларига ёш олди.

-Жойинг жаннатдан бўлсин, кампир, -дейди йиғламсираб қария.

Маҳаллий ҳокимият иккинчи марта парвослав насронийлар қабристонига кўмилган Қанигул Сатибалдиеванинг жасадини маҳаллий аҳоли норозилигидан сўнг яна қазиб олишга мажбур бўлган ва уни бошқа мозорга кўмган.

Туман ҳокимияти баптистликни қабул қилгани айтилаётган марҳуманинг қайси жойга кўмилганини бу сафар жамоатчиликдан сир тутмоқда. Шунинг учун Акжўл Азаев ҳам хотининг қабри қаерда эканини билмайди. У очилган қабрга келиб, Қуръон тиловат қилиб кетмоқда.

-Биз 49 йил бирга турмуш қурдик. Мен унинг насроний бўлиб кетганига ишонмайман. Фақат унинг айби Инжил китобини ўқиб қўйганида бўлаяпти, -деди Акжўл Азаев.

13 октябрда вафот этган Қанигул Сатибалдиева дастлаб ўз қишлоғидаги қабристонга дафн қилинган эди. Бироқ 15 октябрь куни маҳаллий аҳолининг кескин норозилигидан сўнг жасад маҳаллий ҳокимият таклифи билан православ насронийлар қабристонига кўчирилган.

Бироқ маҳаллий аҳоли бунга ҳам норозилик билдиргани ортидан 17 октябрь куни маҳаллий ҳукумат Қанигул Сатибалдиева жасадини бу ердан ҳам кўчириб кетишга мажбур бўлган.

-Бу ерга ўрис кўмилсин, бироқ бошқа динга ўтиб кетган одам кўмилмасин, деб халқ талаб қилиб чиқди. Бу иш 17 октябрь куни тушдан кейин бўлди. Маҳаллий аҳоли билан туман ва милиция раҳбарлари келиб учрашди. Маҳаллий аҳоли ўз сўзида қатъий туриб олганидан сўнг маҳаллий милиция ёрдамида жасад бошқа ёққа олиб кетилди. Бу ерда туман имомлари ҳам бор эди, -деди мозор қоровули Сейдакмат Казиев.

Олабуқа туман ҳокимияти бу хабарни тасдиқлаган ҳолда вазиятни издан чиқармаслик мақсадида марҳуманинг қайси жойга кўмилганини одамларга эълон қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирди.

Қирғизистонда бошқа динга ўтганларни хўрлаган, вафот этгач, кўмишга ер бермаган воқеалар вақти-вақти билан кузатиб турилади.

Қирғизистонда баптистлар фаолияти 1907-1908-йиллари немис миллатидаги оилалардан бошланган. Ҳозирда уларнинг уч минга яқин аъзоси ва 50 ибодатхонаси бор.

Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссиясига кўра, рўйхатидан ўтиб, расман фаолият олиб бораётган 2800 диний ташкилот бор.

Унинг икки мингдан ортиғи ислом динига оид ташкилотлар ва масжидлар бўлса, қолгани насроний ва бошқа динларга тегишлидир.