Киев ва Москва тинчлик битимига оид янги режа юзасидан келишиб олди

Украина бўҳрони бўйича Берлинда ўтган учрашув иштирокчилари, 2016 йил 19 октябри.

Украина, Германия, Франция ва Россия лидерлари жорий ой охиригача Минск битимининг янги режасини ишлаб чиқиш ҳақида келишувга эришдилар. Украина шарқи ва Суриядаги урушга бағишлаб Берлинда ўтказилган олти соатлик музокаралардан сўнг Германия канцлери Ангела Меркель “мўъжизага эришилмаган”и, бироқ янги йўл харитаси барча томонларга 2015 йили Минскда эширилган тинчлик битимини олға суришни давом эттиришга имкон яратишини билдирди.

Музокара иштирокчилари урушаётган томонлар ўртасида дахлсизлик ҳудуди яратиш ҳамда гуманитар вазиятни яхшилаш чораларини кўриш юзасидан ҳам келишиб олдилар.

Украина президенти Петро Порошенко музокараларда Донбассдаги жабҳа чизиғи бўйлаб тўртта янги ҳудуддан қўшинларни узоқлаштириш ҳақида келишувга эришилганини маълум қилди.

Берлин учрашуви иштирокчилари Украина шарқида ЕХҲТ кузатувчилари ёнида қурол олиб юриши ва барча жойларга тўсиқлик кира олиши юзасидан ҳам келишиб олганлар.