Бу ҳақда хабар қилган UZINFOCOM.uz сайтига кўра, Diktant.uz акцияси ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 27 йил тўлиши муносабати билан ҳамда ўзбек тилининг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойлик -ўзбек тилининг ворислари сифатида она тилини асраб-авайлаш, унинг нуфузини янада ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
Мазкур акцияда иштирок этувчилар ёши чегараланмаган бўлиб, унда ўзбек тилида ёзишни биладиган барча хоҳловчилар диктант ёзиш йўли орқали имло саводхонлиги бўйича ўз билимларини текшириб кўриш имкониятига эга бўладилар. Акция 2016 йил 29 октябрь куни соат 15:00 да, бир пайтнинг ўзида қуйидаги манзиллар бўйича ўтказилади:
Алоқа тарихи музейи (Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 28-а уй);
Тошкент Давлат шарқшунослик институти (Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 25-уй);
Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (Ўзбекистон миллий университети биносида, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси, Университет-4 кўчаси);
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети (Учтепа тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, Г-9 а мавзеси, 21-а уй).
Акцияда иштирок этиш истагида бўлган хоҳловчилар www.diktant.uz сайтида олдиндан рўйхатдан ўтишлари мақсадга мувофиқ.
Акция ташкилотчилари: UZINFOCOM маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда мамлакатимиздаги бир қатор университет, институтлар.