23 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда автобензин нархлари 35 фоизга оширилди. Ўзбекистон минтақаларида бензин билан боғлиқ вазият қай аҳволда? Газ ва солярка нархлари қанчага ўзгарди?
Вазирлар Маҳкамаси 22 октябрда қабул қилган "Автобензин чакана нархининг ўзгариши тўғрисидаги" 360-сонли қарорига мувофиқ, Аи-80 русумли автобензиннинг 1 литри - 2 800 сўм, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинларнинг 1 литри – 3 000 сўм ва Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри – 3 300 сўм этиб белгиланди.
Шу йилнинг 23 октябридан Ўзбекистон ички бозорини нефть ва газ билан таъминлашга масъул “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бундан буён бутун мамлакат бўйлаб “бензин нархи бир хил” бўлишини эълон қилди.
Бензин ортидан доллар ҳам ошди
Бензин нархи оширилиши ортидан пойтахт “қора бозори”да доллар курси ҳам кўтарилгани хабари пайдо бўлди.
Тошкентлик Тошбекнинг айтишича, бензин ошиши “доллар бозори”да бироз саросима кўтарди.
- Ошиб кетди. Бензин ошганидан кейин бир долларга 6750-6760 олишаяпти долларчилар. Сотиш деярли йўқ! Битта жойда сотилаяпти, аммо уларда 6850 сўмдан бир доллари. Йил охиригача 7 минг бўлади, деган гап бор, ҳозирча миш-миш. Лекин секин-секин нархлар ҳам алмашади-де. Бунинг сабаблари: биринчидан, йил охирида ўзи ҳамма нарса қимматлайди. Бу одатга кириб қолган аллақачон, сезон фактори – бутун дунёда ҳам кўрсатиладиган ҳолат. Иккинчи сабаби – бензин нархи ошгани. Бу психологик фактор! Охирги пайтларда секин кўтарилиб келаётган эди, мана кескин ошиб кетди. Кейинчалик пастга тушиши мумкин, лекин йил давомида ўсиш бўлиб келмоқда. Кеча бир доллар 6700 дан эди. Бозорда турганларнинг ўзи ҳам билмай қолди, деди Тошбек.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Суҳбатдош бензин нархи кўтарилгани ва доллар қимматлагани ҳали чакана бозорда нарх-навонинг кескин ошишига олиб келмагани, аммо бир-икки кунда дўконларда нарх пештахтачалари алмашиши кутилаётганини айтди.
Газ ва солярка нархи ошгани йўқ!
Бензин нархи оширилиши ортидан Ўзбекистонда машинаси газда юрган кўплаб ҳайдовчиларни метан-пропан нархига оид саволлар қизиқтирмоқда. Айрим тингловчиларимиз автомобил гази нархи ҳам оширилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳамда Жиззах вилояти Зарбдор тумани газ-заправкаларида Озодлик сўровига газ нархи ўзгармасдан қолганини айтишмоқда.
Айни пайтда, ҳукумат соляркага бўлган нархларни очиқлаганича йўқ. Тошкент шаҳар Юнусобод туман АЁҚШ бўлимларидан бирида солярка нархи ошмасдан қолганини маълум қилишди.
- Солярка нархи 2245 сўм. “Коммерческий” нарх билан адаштирманг – бу давлат нархи. Солярка ўзгармасдан қолди - фақат бензин нархи ошди, деди заправка ходими.
"Фейсбук"дагилар кузатмоқда
Фейсбукдаги “ҳайдовчилар” гуруҳи аъзоси бўлган Xurshid Saydullayev Навоий шаҳридаги вазиятни бундай тасвирлайди:
- Ўзгазойл”, Навоий шаҳри, бензин 2800 бўлди. Олдин 3000 сўм эди.
Бунга жавобан қаршилик Елена Абдуллаева қўшимча қилди:
- Кеча Қаршида бўлган эдик, ҳамма заправкаларда бензин 2800 дан – ҳеч қачон заправкада бунча машина кўрмаганман!
"Навойига яхши бўлди!"
Навоий вилоятидан Озодликка хабар йўллаган тингловчи янги ўзгартишлар бензин чайқовчиларига жиддий зарба бўлиши ва минтақалар аҳолисига фойда келтиришига ишонишини билдирди.
“Ассалому алайкум! Ҳаммаси яхши - бензин кўтарилгани пойтахтликларга ёмон бўлди, аммо вилоят аҳолисига яхши бўлди. Чунки Тошкентда аҳоли бензинни 2075 сўм олиб юрганди шу вақтгача. Вилоятларда бензин заправкаларда 3000 сўмдан, чайқовчилардан 3500-4000 сўмдан олинарди. Энди бўлса вилоятларда хам 2800 сўмдан сотилаяпти! Агар нефтебазадаги порахўрлар пора, яъни (шапка) олишмаса вилоятлардаям бензин 2800 сўм сотилаверади, менимча. Мен шу соҳа одамиман, деб ёзди исми сир қолишини сўраган тадбиркор.
Фарғона вилояти
Озодлик тингловчилари Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бензин янги нархда бемалол сотилаётганини хабар қилмоқда.
"Ассалому алайкум. Қўқон шаҳрида бензин кўплиги, лекин нарх-навоси 80-ни 3000 сўм сотаётганини аниқ айтаман. Бемалол, любой заправкада бор. 80-ни 3000 сўм сотяпти: 80 дегани билан 80 бўлмаса керак. Тошкентдан олинган бензинни қуйсам машинам яхши юради. Қўқонни 80-нига чарақлаб овоз чиқарворади", деб ёзди қўқонлик Озодлик тингловчиси "WhatsApp" тармоғи орқали.
Тошкент шаҳридаги АЁҚШ
Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳар АЁҚ шаҳобчаларида бензин икки кундан буён янги нархларда сотилаётгани билдиришмоқда. Яккасарой туманида бензин сотаётган дўкон ходими нархлар қуйидагича эканини айтади:
- Ошган бизда ҳам – 2800 дан сотаяпмиз “80” маркани. “91” марка – 3 минг сўм, “95” – 3300 сўмдан сотаяпмиз. Бензин бемалол бор. Кўтарилганига икки кун бўлди, деди заправкачи ходим.
Тошкент шаҳридан хабар йўллаган ҳайдовчилардан бири турнақатор навбатлар йўқолганидан қувонаётганини ёзди:
"Бензин ошгани яхшиям бўлди - ўзгариш котта, очеред ё бемалол соатлаб туришлар йўқ. Ҳамма ёқда бензин нархи бир хил ! Нима бўлганда ҳам, Ш.Мирзиёев яхши оборвотила бошқарувни, котта озгаришла бўвотти! Хўп, нархлар ошди дейлик, аммо пенсиялар ҳам ошди-ку."
Ижтимоий тармоқлар жавоби...
Айни пайтда, Ўзбекистонда автомобил ёнилғиси ошишига ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари муносабат билдирмоқда. Тармоқларда пайдо бўлган “демотиваторлар”дан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Машинаси пропан-газда юрган айрим ҳайдовчиларнинг бензин нархи ошишига муносабати.
"Бензин ошишидан қаттиқ ранжидим"
Озодликка бензин нархи ошиши муносабати билан ўз фикрини “Telegram” тармоғи орқали юборган тошкентлик яна бир тингловчи бензин нархининг оширилиши хабарини хавотир билан кутиб олганини билдирди.
Унинг фикрича, бироз вақт ўтиб АЁҚ шаҳобчаларида яна навбатлар пайдо бўлади.
"Бензин заправкаларда бемалол сотилмоқда бутун Тошкент бўйлаб, лекин нархи ошганлиги шахсан мени қаттиқ ранжитди. Таниш-билишларим ҳам бу ҳолатдан азият чекишмоқда: бир варакайига 35%га оширишни сабабини тушунолмай қолдик. Ҳар хил тушунтиришлар юзага келмоқда, лекин бу вазиятни барибир яхшиликка йўиш қийин бўлмоқда! Заправкада оператор бўлиб ишлайдиган танишим бор. Унинг фикрига кўра, очередь бўлиши сабабини шундай тушунтирди: бензинни нархини ошириб бемалол қилинса, ҳеч кимда норозилик туғилмайди, навбат бўлиб шундай аталмиш, коммерческий бензинни ҳам 3000 сўмдан ҳам олаётган эдикку. Ана ўша 80-чи бензин ҳозир 2.800 сўм!"
"Қани эди ҳамма жойда нархлар бир хил бўлса!"
Нукуслик Абдулло республика бўйлаб нархларнинг бир хил қилиб қўйилишига шубҳа билан қарашини Озодликка маълум қилди. Суҳбатдош Қорақалпоғистонда бензин марказга нисбатан илгари ҳам қимматроқ сотилишини айтади.
- Мен ўзим Тошкенгга одам олиб, қатнайман. Тошкентдаги заправкаларда нархлар яхши эди. Баклашкаларга ҳам олиб, 100 литргача олиб келиб сотганман. 2-3 ой олдин борганимда беришмади. Бизнинг машинадаги “95” номерини кўриб, “Бензин йўқ!”, дейишади. Лекин тошкентликларга беради. Илгари бизга 50 литр бемалол берарди, ҳозир 20 литр ҳам бермаяпти! 3 ойдан бери аҳвол шу... Бизда Қорақалпоғистонда бензин бор, лекин қиммат. “75” бензин мен кетаётганимда 3500 эди, ҳозир 4000-5000 чиқиб кетди! Заправкада ҳатто шу нархга баъзан бўлмай қолади. Бу ерда заправкалар олиб, қўлда сотмоқда. Бензин бутун республикада бир хил темпда бўлиши керак. Масалан, Бухорода 2800 бўлса, бизда уни 3500 сотади. Қани эди 12 вилоятни нархларни бир хил қилиб қўйса – бизлар оларди! Қўлда, майли, 200 қўйиб сотсин, дея бензинга бўлган нархлар бутун республика бўйича бир хил бўлишини талаб қилган нукуслик Абдулло.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"3-5 миллиард доллар кимнинг чўнтагига кетди?"
Узметроном сайти 2014 йилнинг январида охирги маротаба бензин нархлари оширилганини айтиб, “давлат” нархларидан ташқари автомобил ёнилғисига “коммерция” нархлари мавжуд бўлганини ёдга олди.
“”Бозор” архлари қарийб 30 фоизга юқорироқ бўлиб, асосан Тошкентдан ташқарида амал қилган. Бундай ҳолат нафақат ўта катта миқдорда, балки фантастик миқдорларда ўмариш ва спекуляция қилишга имкон яратиб берган. Оддий ҳисоб-китобларга кўра, “парралел” нархлар туфайли “Ўзбекнефтмаҳсулот” билан боғлиқ бўлган “ишбилармонлар” 3-5 миллиард долларга бойиб қолди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида шундай кўчалар мавжудки, у ерда етишмовчиликка қарамасдан истаган вақтда бензин сотиб олиш мумкин. Улар хавфсизлигини маҳаллий милиция таъминлаши ҳеч ким учун сир эмас. Фақат бу пуллар кимларнинг чўнтагига тушди?”, деб савол қўйди “Узметроном” мухбири.
“Сурхондарёда бензинга одам йўқ!”
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида бензин ошиши туфайли заправкаларда харидор камайди.
“Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида бензинга одам йўқ: АИ-80 – 3300 сўм!”, деб ёзди сурхондарёлик Озодлик мухлиси.